ҲАБИБИЙ

ҲАБИБИЙ (тахаллуси; асл номи Зокиржон Холмуҳаммад ўғли) (1890, Пахтаобод тумани Қўқон қишлоғи — 1980.16.4, Тошкент) — Ўзбекистон халқ шоири (1974). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1970). Қўқон ва Андижондаги мадрасаларда таҳсил кўрган. Навоий, Фузулий, муқимий, Фурқат асарларини мутолаа қилиб, аруз вазнининг бадиий лато-фати ва бой имкониятларини қунт билан ўрганган. Ҳабибийнинг ғазалнавислик ижоди мазкур адабий муҳитда шаклланиб борган. Навоийнинг 500 йиллигига тайёргарлик ишлари бошланиши билан Ҳабибий сафдошлари Бокий, маҳжурий, Анисий ва Сайфий билан бирга Навоий комитети томонидан таклиф этилиб, Тошкентга кўчиб келган (1938). Ғ. Ғулом, Ҳ. Олимжон, С. Аб-дулла, С. Мирзаев, С. Муталлибов сингари алломалар билан бирга Навоий адабий меросини ўрганган. Ҳабибий 1939 й. да Фарғона канали қурилишига шоир сифатида сафарбар этилган. Шу вақтдан бошлаб унинг ғазаллари республика даврий матбуотида эълон қилиниб, машҳур ҳофизлар томонидан ижро қилина бошлаган. Ўз ғазаллари ҳамда мумтоз адабиёт ва мусиқа соҳасидаги билими билан ҳурмат қозонган Ҳабибий 1940 й. да Янгийўлда ташкил этилган вилоят мусиқали драма ва комедия театрига адабий эмакдош этиб тайинланган ва 1946 й. га қадар шу ла-возимда хизмат қилган. «Меҳнат қўшиқлари», «Янги яллалар» (1949), «Колхозчилар ашуласи» (1951), «Кўнгил тароналари» (1957), «Замон фарҳодлари» (1959), «Танланган асарлар» (1967), «Девон» (1971), «Наврўзи олам» (1973) ва б. шеърий тўпламлар муаллифи. Ҳабибий ижодида севги ва вафо, ватанга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳамда садоқат ғоялари устуворлик қилади. Ҳабибий мумтоз ўзбек шеърияти ва, айниқса, мусиқасини назар-писанд қилмаслик, ҳатто фео-дал даврларнинг социализмга ёт мероси сифатида рад этиш ҳоллари авж олган замонларда Навоий. Муқимий сингари мумтоз шоирларнинг ҳаёт-бахш анъаналарини изчил давом эттирган. Ҳабибийнинг адабий мероси мумтоз ўзбек адабиётининг ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддас, рубоий, туюқ, қасида ва достон сингари жанрларида ёзилган 40 мингдан зиёд байтдан ибо-рат. Унинг 300 дан зиёд ғазалларига куй басталанган бўлиб, уларнинг ак-сари ҳозир ҳам ижро этилади. Ҳ. Тошкентнинг Камолон қабристонига дафн этилган. Тошкент, Андижон ш. лари ва Пахтаобод туманидаги кўчалар Ҳабибий номи билан аталади. Пахтаобод туманида Ҳабибий уй-музейи барпо этилган.

Ас: Девон, 2нашри, Т., 1975.

Ад.: Носиров О., Ўзбек адабиётида газал, Т.. 1973; Отажон У., Устозлар хотираси, Т, 1998.

Наим Каримов.