ҲУҚУҚ ЛАЁҚАТИ

ҲУҚУҚ ЛАЁҚАТИ — ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг маълум ҳуқуқларга эга бўлиш ва шунга яра-ша мажбурият (бурч) ола билиш ла-ёқати. Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш фуқаролик Ҳуқуқ лаёқати демакдир. Барча фуқаролар, шунингдек, юридик шахслар Ҳуқуқ лаёқатида тенгдирлар.

Ҳуқуқ лаёқати ҳуқуқнинг фуқаролик ҳуқуқи соҳасида кўп учрайди. Фуқаронинг Ҳуқуқ лаёқати одатда, у туғилганида вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди. Баъзан Ҳуқуқ лаёқати бола туғилмасдан ҳам вужудга келади. Мерос ҳуқуқига кўра, очилажак меросда ҳомиланинг ҳам Ҳуқуқ лаёқати ётади. Фуқаролик қонунчилиги бўйича, фуқароларнинг Ҳуқуқ лаёқати мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлиш; мулкни мерос қилиб олиш ва васият қилиб қолдириш; банкда жамғармага эга бўлиш; тадбиркорлик, деҳқон, фермер хўжалиги билан ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият билан шу-ғулланиш; ёлланма меҳнатдан фойдаланиш, мустақил равишда ёки бошқа фуқаролар ва юридик шахслар билан биргаликда юридик шахслар ташкил этиш; қонунга зид бўлмаган ҳар қандай битимлар тузиш ва мажбуриятларда қатнашиш; бошқа шахслар томонидан етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилиш; машғулот турини ва яшаш жойини танлаш; фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтироларнинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлишда ўз ифодасини топади.

Юридик шахслар ўз таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолият мақ-садларига мувофиқ Ҳуқуқ лаёқатига эга бўладилар. Юридик шахснинг Ҳуқуқ лаёқати у тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва у туга-тилган пайтдан эътиборан тамом бўлади. Юридик шахснинг махсус Ҳуқуқ лаёқати унинг ўз устави, низоми ёки қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Миродил Баратов.