ҲАЗРАТИ ХИЗР МАСЖИДИ

ҲАЗРАТИ ХИЗР МАСЖИДИ — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (19-а. ўрталари); афсонавий ўлмас шахс Ҳазрати Хизр номи билан боғлиқ. Бино Шоҳизинда Ж мажмуаси қаршисидаги тепаликда жойлашган қад. масжид пойдевори устига қурилган (меҳробдаги ёзувга кўра 1855 й.). Масжид хонақоҳ, унинг 2 ёнида ҳужралар, қўшимча хоналар, омборхона, минорадан иборат; кейинчалик бинога қўшимча айвон (1899), дарвозахона (1919) қурилган. Бош тарзидаги’ тик зинапоядан дарвозахонага чиқилади, ундан унча катта бўлмаган хонага кирилади. Дарвоза пештоқгумбазли, пештоқнинг 2 бурчагига қуббаси қовурғали гулдаста-миноралар ишланган; пештоқнинг чап томонида равоқли, ўймакори безатилган 5 та ёғоч устунли пешайвон жозибадор нақшлар билан серҳашам безатилган, қирма усулидаги ганч безаклар маҳорат билан ишланган. Пешайвондан баланд гумбаз билан ёпилган хонақоҳга утилади. Ташқариси пилтавор гумбаз 8 қиррали пойгумбазга ўрнатилган, оралиғи муқарнаслар билан зийнатланган. Пештоқ ҳамда қафасали минора кошинкори безатилган, пештоқ пой-гумбазига равоқли дарчалар ишланган. Бино 20-а. 90-й. ларида қайта таъмирланди.