ҲАЗИНИЙ ХЎҚАНДИЙ (тахаллуси; асл номи Зиёвуддинхон Кат-тахожа ўғли Ҳазиний тўра) (1867 — Қўқон яқинидаги Катта Кена-гас қишлоғи — 1923) — шоир ва шайх. Қўқондаги Жомеъ мадрасасида таҳсил олган. Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, адабиёт илмларини чуқур ўзлаштирган. Тасаввуф таълимоти билан изчил шуғулланган. 30 ёшида муршидидан иршод (та-риқат раҳнамолигига рухсат) олиб, «Ҳазиний тўра» ва «Эшонбува» номлари билан халқ орасида эъзозланган, уз даврининг етук қодирия тариқати шайхи сифатида эътироф этилган ва «Муршиди Фарғона» номига мушарраф — валий зот бўлиб танилган. Деҳқончилик билан кун кечирган. Боғлар барпо қилган, бинолар қурдирган. Қабри ўз қишлоғи-да. Бу қабр — мақбара ва унинг атрофидаги обидалар меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган.
19-а. 2-ярми ва 20-а. бошларида кўчирилган кўплаб қўлёзма баёзлар ва мажмуалардан Ҳазиний Хўқандий шеърлари ўрин олган. 1910—15 й. ларда Тошкентнинг Орифжонов, Порцев ва Лахтин матбааларида «Баёзи Ҳазиний» тўпламлари бир неча бор нашр этилган.
Ҳазиний Хўқандий мумтоз шеърият жанрларидан ғазал, мураббаъ, мухаммас ва мусаддаслар ёзган. Адабий мероси 4.000 мисра атрофида. Шоир асарларини ғоявий мавзуи бой. Унинг тасаввуф руҳидаги асарларида соф сўфиёна маъно ва мазмун тараннум этилса, ахлоқий мавзудаги битикларида поклик, одамийлик, саҳоватпешалик каби юксак инсоний фазилатлар улуғланган.
Ҳазиний Хўқандийнинг ўндан ортиқ ғазалларига мухаммас боғланган ва назиралар қилинган.
«Баёзи Ҳазиний»нинг тошбосма нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади (инв. № 12665, 14850, 15197). Фарғона ш. да уй-музейи ташкил қилинган, Ҳазиний Хўқандий номида жамоа хўжалиги, боғ, мактаб, кутубхоналар бор.
Ас: Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ [Шеърлар], Т., 1992; Девон, Т„ 1999.
ЛЛ. Жўрабое в О. Р.,Ҳазиний Хўқашшй ҳаёти ва ижодий мероси, Т., 2003.
Отабек Жўрабоев.