ҲАЙВОНЛАРНИ ТАСВИРЛАШ УСЛУБИ

ҲАЙВОНЛАРНИ ТАСВИРЛАШ УСЛУБИ — ибтидоий давр санъат намуналаридаги услуб. Осиё ва Европанинг қад. амалий безак санъатида кенг тарқалган. Айрим ҳайвонлар (буғу, от, айиқ ва б.), уларнинг тана қисмлари (кўз, бош, шох ва б.) тасвири, шунингдек, бир неча ҳайвонлар тас-виридан иборат мураккаб композициялар яратиш санъати жез даврида юзага келган, темир даврида кенг тарқалган. Услубнинг келиб чиқиши ҳайвонларни муқаддаслаштириш билан боғлиқ бўлиб (қ. Тотемизм), кейинчалик бу тасвирлар шартли безаккагина айланган. Ибтидоий санъат намуналари — майда ва маҳобатли ҳайкаллар ушбу услубнинг илк намуналаридир. Ҳайвонларни тасвирлаш услуби дастлаб қуроллар ва от аб-заллари безагида, кейинчалик заргарлик санъатида кўп учрайди. Энг қад. намуналари Месопотамия (мил. ав. 3-минг йиллик), Ғарбий Осиё (мил. ав. 2-минг йиллик)да маълум; Ўрта Осиёда мил. ав. 1-минг йилликда юзага келган. Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, энг ривожланган ҳолати скифлар, саклар, фракияликлар ва б. санъа-тидир. Жумладан, Эрон ва Ғарбий Осиё санъати (Қора денгиз бўйларида юнон санъати) таъсирида шаклланган скиф маданиятига табиатни нозик ҳис этиш, ҳайвон шакли ва ҳаракатларини аниқ бериш хос: уларда ўсимликхўрлар, ваҳший ҳайвонлар ва қушлар, афсонавий махлуқлар (грифонлар) тасвири кўп учрайди. Металларни ўйиб, қуйиб ишлаш, ёғоч ва суяк ўймакорлиги, тери ва кигизлардан қуроқ (аппликаиия) қилиш усуллари қўлланилган. Мил. 1-минг йилликда ушбу услуб ўз аҳамиятини йўқота борди, бунга айниқса Ғарбда христиан дини, Шарқда ислом динининг тарқалиши кучли таъсир кўрсатди. Ўрта асрлар амалий санъатидагина ҳайвонларни тасвирлаш давом этди.

Ўзбекистон ҳудудида, айниқса амалий санъатда ушбу услуб таъсирини, заргарлик ва кандакорлик буюмлари безакларида, рўзғор идишлари безаклари (айрим қисмлари)да ҳайвонлар шакллари ишланганини кўриш мумкин (яна қ. Анималистика).