ҲАЙВОНЛАРНИ ЎРГАТИШ

ҲАЙВОНЛАРНИ ЎРГАТИШ, дрессировка — ҳайвонларнинг маълум бир услуб ва мунтазам равишдаги машқлар натижасида ҳамда шартли рефлекс ёрдамида ўргатувчининг муайян сигналига жавобан ҳар хил ҳара-катлар бажаришига асосланган усул; цирк санъатининг қад. жанрларидан бири. Ўргатилган ҳайвонлар томошаси цирк майдони ёки саҳнада намо-йиш этилади.

Ҳайвонларни ўргатиш қадимдан маълум бўлиб, Хитой, Ҳиндистон, Қад. Миср, Юнонистон, Қад. Рим, Византияда кенг тарқалган. Мас, Қад. Римдаги «Колизей» сингари циркларда йиртқич ҳайвонлар иштирокида ўйинлар уюштирилган. Ўрта асрларда Европа мамлакатларида сайёҳ актёрлар — гистрион, жонглёр, буф-фон, скоморохлар ўргатилган ёввойи ва уй ҳайвонлари билан ярмаркалардаги майдонларда ҳамда кўчма томошахона — балаганларда ўйин кўрсатишган. 12-а. да аввал Италия, сўнг Европанинг бошқа мамлакатларида от ўрга-тиш мактаблари очилиб, чавандозлик ва от устида акробатика машклари бажариш йўлга қўйилди.

18-а. нинг 2-ярмидан бошлаб йиртқич ҳайвонлар томошаси махсус қафас — вагонларда намойиш этиладиган бўлди. 19-а. нинг ўрталаридан ўргатилган ҳайвонлар цирк майдонидан ўрин олди, цирк санъатининг таркибий қисмига айланди. 20-а. нинг ўрталаридан ҳайвонлар ижросидаги томошалар кўчма зооциркларда ҳам кўрсатила бошлади. Бу жанрнинг ривожлаиишига Ф. Астлей (Англия), Л. Франкони (Франция), К. Гагенбенк (Германия), Кни сулоласи (Швейцария), В. ва А. Дуровлар, Н. Гладильшиков, И. Бугримова, В. Филатов (Россия), С. Исаакян (Арманистон) ва б. салмоқли ҳисса қўшишган.

Ҳайвонларни ўргатиш бир неча усулга бўлинади. Оғриқ сезгиларини акс эттирувчи усул циркда йирик ҳайвон ва йирт-қичларни ўргатишда қўлланади.

Механик усулда оғриқ сезгиларини акс эттирмай, қўзғовчилардан фойдаланилади. Бу усул қ. х. ҳайвонларига нисбатан қўлланади. Тақлид усули ёш ҳайвоннинг бошқа ҳайвонга тақлидидан, яъни инстинктга асосланади. Ҳайвонларни ўргатишнинг рағбатлантирувчи усулида зарур малакалар (кўпроқ натурал реф-лекслар) рағбатлантириш (озиқ-овқат бериш, эркалаш, инстинктларни қондириш) билан амалга оширилади. Ҳосил бўлган рефлексларни мустаҳкамлаш учун ўргатилган ҳайвонлар мунтазам равишда машқ қилдириб турилади. Турли уй ҳайвонларидан тортиб ёввойи ҳайвонларгача ўргатилади.

Ҳайвонларни ўргатиш ўзбек циркида ҳам қадимдан мавжуд бўлган. Халқ сайиллари ва байрамларида ўргатилган айиқ, маймун, эчки, илон ва б. ҳайвонлар ҳамда қушлар билан томошалар кўрсатилган (қ. Айиқ ўйин, Илон ўйин, От ўйин).

Ёзма манбаларга кўра, Амир Темур саройида турли рангларга бўялган фил, туя, отлар иштирокида томошалар кўрсатилган.

15-а. да туя, эчки ва қушлар билан Бобо Жамол исмли ҳайвон ўргатувчи шуҳ-рат қозонган. 1828 й. да бухоролик ҳайвон ўргатувчи Шокир Москвада 11 туя ва 2 эшак иштирокида томоша кўрсатгани маълум. 19-а. нинг 2-ярмида бухоролик Икром бобо ўргатилган айиқ ва 2 маймун билан кўрсатган томошалари билан шуҳрат қозонган.

20-а. да Ҳайвонларни ўргатиш бўйича Раҳмоновлар, Хўжаевлар, Зарифовлар сулолалари, Акром Юсупов, Роман Беллей, Али-шер Тошканбоев ва б. танилган.

Ҳоз. қунда йиртқич ва экзотик ҳайвонлар билан Фурқат Юнусов, Рустам Матчонов, Фарҳод Ражабов, Фозилжон Эгамбердиев, Тўлқин Галимовлар чиқишлар қилмоқдалар. 2002 й. Тошкентдаги «Саҳнадаги цирк» бирлашмаси қошида «Зооцирк» ўз фаолиятини бошлади. Унда дунёнинг турли қитьаларидан келтирилган 20 дан ортиқ ҳайвон ва қушлар иштирокида театрлаштирилган томошалар намой-иш этилмокда. 2002 й. Тошкент цирки қошида 1-халқаро кучуклар театри фаолият қўрсата бошлаб, «Золушка» спектаклини саҳналаштирди.

Ўргатилган айиқ, маймун, илон ва 6. ҳайвонлар иштирокидаги ўйинлар цирк гуруҳларининг дастурига ҳам киритилган.

Пўлат Тошканбоев.