ҲАЙВОНЛАР СОЛИШТИРМА АНАТОМИЯСИ, солиштирма мор-фология — морфологиянинг орган ва улар системасининг тузилиш қонуниятларини турли хил систематик гу-руҳга мансуб ҳайвонларни солиштириш орқали ўрганадиган бир бўлими. Органлар тузилишини улар функци-яси билан бирга солиштириб ўрганиш организмларнинг яшаш муҳитига мосланишини, шунингдек, ҳар хил гу-рухларнинг келиб чиқиши ва эволюция йўлини тушуниб олишга ёрдам беради.
Ҳайвонлар солиштирма анатомияси са. га Аристотель (мил. ав. 4-а.) асос солган. Лекин ўрганишнинг солиштирма анатомик методи фақат 18-а. да кенг қўлланила бошланди. 19-а. да Ж. Кювье бир қанча ҳайвонларнинг тузилишини батафсил ўрганади ҳамда ҳоз. ва қазилма ҳайвонларнинг тузилиши тўгрисидаги маълумотларни умумлаштиради; у ўзи ишлаб чиққан органлар корреляциясига асосланиб, ҳайвонларнинг алоҳидалашган 4 «шохи» (типи) тўғрисида таълимот яратди. Э. Жоффруа Сент-Илер эса барча ҳайвонларнинг ягона тартибда тузилганлиги, уларга ташқи муҳит шароитининг таъсири тўғрисидаги тушунчани ривожлантириб, органлар гомологияси тўғрисидаги таълимотга асос солди. К. М. Бэр муртак ўхшашлиги қонунини яратди, Р. Оуэн архетип метафизик концепцияни ишлаб чиқди. Ҳайвонлар солиштирма анатомияси соҳасида тўпланган катта материаллар Ч. Дарвин яратган эволюцион таълимот орқали ўз тасдиғини топди; бу фан эмбриология ва палеонтология билан бир қаторда эволюпион таълимотнинг асосий таянчига айланди. Немис олимлари К. Гегенбаур аналогия ва гомология тушунчаларига эволюпион тамойилларни киритди, Ф. Мюллер (1864) ва Э. Геккель (1866) рекапитуляция ва асосий биогенетик қонунни асослаб берди. Рус олимлари А. О. Ковалевский, И. И. Мечников, А. Н. Северцов, И. И. Шмальгаузен, В. А. Догель, В. Н. Беклемишев ва б. нинг ишлари туфайли эволюциянинг морфологик қонуниятлари ишлаб чиқилди. А. Н. Северцов ва б. органлар ва улар функциясининг эволюцион ўзгариш усулларини таҳлил қилиб, прогрессив эво-люция йўналишлари концепцияларини асослаб берди. И. И. Шмальгаузен эволюциянинг морфобиологик назариясини ривожлантирди. В. А. Догель гомологик органлар полимеризацияси ва олигомеризацияси принципларини яратди. В. Н. Беклемишев умуртқасиз ҳайвонлар солиштирма анатомиясини ишлаб чиқди.
Ҳайвонлар солиштирма анатомиясининг ҳоз. вазифаси — ҳайвонот дунёси табиий системасини тузиш ҳамда анатомия, эмбриология ва палеонтология далиллари асосида эволюциянинг морфологик қонуниятларини аниқлаб беришдан иборат. Ҳайвонлар тузилишини, уларнинг яшаш муҳити ҳамда бажарадиган вазифасини ўрганиш билан ҳайвонлар экологик мор-фологияси ва ҳайвонларнинг функци-онал морфологияси шуғулланади (яна қ. Прогресс, Регресс, Идиоадаптация).