ҲАЙВОНЛАР СИСТЕМАТИКАСИ

ҲАЙВОНЛАР СИСТЕМАТИКАСИ — систематикаикт бир бўлими. Ҳайвонлар систематикасини илк бор Аристотель (мил. ав. 4-а.) ишлаб чиққан. У ҳайвонларнинг 252 формасига тавсиф бериб, уларни 2 та катта гуруҳ: қонлилар (ҳоз. умуртқалилар) ва қонсизлар (ҳоз. умуртқасизлар)га ва 8 та кичик гуруҳларга ажратган. Аристотелдан сўнг 2 минг йил давомида Ҳайвонлар систематикасида деярли ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Фақат инглиз биологи Ж. Рей (1693) систематиканинг асосий бирлиги — тур тушунчасини фанга киритади.

Ҳайвонот дунёсининг замонавий системасини швед натуралисти К. Лин-ней яратган. У «Табиат системаси» (1735) асарида 4200 турдан ортиқроқ (жумладан 1222 тур умуртқали ва 1936 тур умуртқасиз) ҳайвонларга тавсиф берган. К. Линней ҳайвонларни ўзаро тобе таксономик категориялар: тур, уруғ, туркум ва синфга бўлишни, турни 2 ном: уруғ ва тур номи билан аташ (бинар номенклатура)ни таклиф этди. Лекин Линней ишлаб чиққан система мукаммал эмас эди. Мас, у содда ҳайвонлар, бўшлиқичлилар, игнатерилилардан иборат бир-биридан узоқ ҳайвонларни зоофитлар — ҳайвон-ўсимликлар гуруҳига бирлаштирган. Француз олимлари Ж. Кювье ва ЖЛамарк К. Линней системасини такомиллаштиришди. Ж. Ламарк «Умурт-қасизлар системаси» (1801) ва «Зоология фалсафаси» (1809) асарларида ҳайвонларни умуртқасизлар ва умурт-қалиларга, умуртқасизларни инфузориялар, полиплар, нурлилар, чувалчанглар, ҳашаротлар, ўргимчаксимонлар, қисқичбақасимонлар, ҳалқалилар, мўйловоёқлилар ва моллюскалар синфларига ажратган. Ж. Кювье «Ҳайвонот дунёси ва унинг классификацияси» (1817) асарида ҳайвонларни 4 та асосий шохга ажратган. Кейинчалик бу шохларга француз зоологи А. Бленвиль (1825) тип (нурлилар, бўгимлилар, моллюскалар, умуртқалилар) номини берган.

Ж. Ламарк ва Ж. Кювье системасини инглиз зоологи Р. Грант (1826) янада такомиллаштириб, нурлилар типидан ғовактанлилар типини ажратиб чиқарди. Немис зоологи К. Зибольд эса нур-лилар типини 3 та мустақил: энг содда ҳайвонлар, зоофитлар ва чувалчанглар типларига ажратади. У зоофитларга кўпчилик нурлиларни, чувалчангларга ҳалқалиларни киритади. Бошқа ҳал-қалилар эса бўғимоёқлилар типига киритилди. Немис олими К. Фохт (1825) чувалчанглар типини ясси, тўгарак ва ҳалқали чувалчангларга ажратади. Инглиз анатоми Э. Рей Ланкестер (1877) бу гуруҳларни тип номи билан аташни таклиф этади. Немис зоологи К. Клаус (1874) ҳайвонларни 9 типга бўлади. Бу система анча узоқ вақт сақланиб қолди. Вақт ўтиши билан олимларнинг фақат типлар сонига эмас, балки уларнинг таркибий қисмига нисбатан ҳам тушунчаси ўзгариб борди. Мас, умуртқалилар (кейинчалик хордалилар) типига қобиқлилар (19-а. охиригача моллюскаларнинг бир хили сифатида қаралган) ва ичак билан нафас олувчилар киритилган. Ҳайвонот дунёси ўрганилган сари фақат янги турлар, уруғлар, оилалар эмас, ҳатто анча юқори таксономик даражадаги гуруҳлар (туркум, синф, ҳатто тип)лар ҳам кашф этилди. Мас, 1955 й. да рус олими А. В. Иванов пого-нофоралар типини кашф этди.

Ҳайвонот дунёси, одатда, 2 кенжа олам: бир ҳужайралилар ва кўп ҳужайралиларга; кўп ҳужайралилар эса паразойлар ва ҳақиқий кўп ҳужайралиларга ажратилади. Паразойларга ғовактанлилар, ҳақиқий кўп ҳужайралиларга бошқа барча типлар киритилади. Ҳақиқий кўп ҳужайралилар ўз навба-тида нурлилар (бўшлиқичлилар, тароқлилар) ва икки томонлама (била-терал) симметриялилар ҳамда бирламчи оғизлилар (чувалчанглар, моллюс-калар, эхиуридлар, бўғимоёқлилар, сипункулидлар, пайпаслагичлар) ва иккиламчи оғизлилар (чалахордалилар, игнатерилилар, хордалилар) га бўлинади. Айрим зоологлар паразойлар ва ҳақиқий кўп ҳужайралилар билан бирга уларга тенг мавқега эга бўлган фагоцителласимонлар гуруҳини ҳам таклиф этишади. Охирги гуруҳ энг тубан тузилган кўп ҳужайралилар — пластинкасимонлар типини ўз ичига олади.

Ҳайвонот дунёсининг турли хил системасида типлар сони 10 дан 33 тагача, ҳатто ундан ҳам кўпроқ кўрсатилади. Кўпчилик зоологлар маъқул-лаган ва ўқув адабиётларида келтириладиган систематикага асосан бир ҳужайралилар кенжа дунёси 5 тип: сар-комастигофоралар, микроспоридиялар, миксоспоридлар, споралилар, инфузорияларга бўлинади. Қолган ҳайвонлар пластинкасимонлар, ғовактан-лилар, бўшлиқичлилар, тароқлилар, ясси чувалчанглар, тўгарак чувалчанглар, немертиналар, тиканбошлилар, ҳалқали чувалчанглар, моллюскалар, бўғимоёқлилар, игнатерилилар, чала-хордалилар, погонофоралилар ва хор-далилар типларига бўлинади. Ҳайвонот дунёси ўрганилган сайин кўплаб янги турлар кашф қилинмоқда. Ер юзида ҳайвонларнинг 1,5 млн. (айрим маълумотларга кўра 3,0—3,5 млн.)га яқин тури маълум.

Ад.: Мавлонов О., Хуррамов Ш ., Умуртқасизлар зоологияси, Т., 1998.

Очил Мавлонов.