ҲАЙИТОВА

ҲАЙИТОВА Олмахон (1940.6.3, Хонқа) — хонанда, Ўзбекистон халқ артисти (1993). Ашула айтишни дастлаб Ў. Саидов, кейинчалик К. Отаниёзовдан ўрганган. Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1974). Аёллар орасида тор чалиб куйлашни расм қилганлардан бири. Янгийўл театри (1958-59), «Хоразм» (ҳоз. «Лазги») ансамбли (1959 й. дан)да яккахон хонанда. «Ўзбекнаво» бирлашмасининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари (1995 — 2003), Тошкент маданият интида проф. (2003 й. дан). Ҳайитова барча пардаларда жарангдор. кучли ва кенг диапазонли овоз соҳибаси. Репертуаридан оммабоп қўшиқлар, мумтоз ашулалар («Феруз — 1», «Тошкент Ироғи» ва б.), Хоразм халқ достон қўшиқлари («Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам»дан «Озод қил», «Било-билмадим», «Хатингни» ва б.), бастакор ва композиторлар асарлари (Ҳожиабдулазизнинг «Гулузорим», «Самарқанд Ушшоғи», К. Отаниёзовнинг «Найлайин», С. Ҳайитбоевнинг «Ўзбекистон гуллари» ва б.), шунингдек, туркман, озарбайжон халқ қўшиқлари ўрин олган. Ижролари Ўзбекистон радиоси фонотекасига (жами 250 дан ортиқ), бир неча грампластинка («Ўзбекистон гуллари», 1976 ва б.) ва аудиокассетага ёзилган. Ҳайитова ижодига бағишланган «Олмахон Ҳайитова куйлайди» телефильми ишланган (1982). Бир қатор мамлакатларда гастролда бўлган.