ҲАЙДАРОВ Нуриддин Усмонович

ҲАЙДАРОВ Нуриддин Усмонович (1957.1.8, Оққўрғон тумани — 2004.3.10, Тошкент) — эстрада хонан-даси. Ўзбекистон халқ артисти (2003). Ширали ва жозибадор овоз соҳиби. Фарғона педагогика ин-тини тугатган (1978). Фарғона вилояти (1980-1986) ва Ўзбек давлат (1986—1993) филармонияларида яккахон хонанда. Тошкент Ҳарбий техник билим юрти қошидаги ансамблнинг бадиий раҳбари (1994—2002), Тошкент ш. Ички ишлар Бош бошқармасида Маънавият марказининг директори (2002—04).

Репертуаридан ўзбек мумтоз ва эстрада қўшиқлари («Юлдузим», «Насибам») ҳамда ўзи басталаган қўшиқлар («Ўзбекистон полвонлари», «Она», «Сенга», «Қизлар», «Сеҳри бор» каби) ўрин олган. «Дўлана», «Юр, муҳаб-бат», «Давлатим» сингари қўшиқлари ҳам оммалашган. Ҳайдаров ижролари Ўзтелерадиокомпаниясининг фонотекасига ёзилган. Европа, Осиё ва Америка мамлакатларида гастролда бўлган. Ҳайдаров хотирасига бағишлаб «СЭ—Профи» компанияси «Айрончи қиз», «Дўлана», «Юр, муҳаббат» аудио альбомлари ва «Кузги кайфият» видео альбомини чиқарган (2004).