ҲАЙДАМАКЛАР

ҲАЙДАМАКЛАР, гаидамаклар (туркийча — ҳайдалмоқ) — Ўнг соҳил Украинада 18-а. даги халқ-озодлик ҳаракати қатнашчилари. Тарихий ман-баларда 1717 й. дан Ҳайдамаклар ҳақида маълумотлар учрайди. Ҳайдамаклар поляк ва украин шляхтичлари (зодагонлари) мулкларини талонтарож этишган. Ҳайдамаклар отрядлари украин деҳқонлари, Запорожье казакларининг энг камбағал қатлами, ёлланма батраклар, ҳунармандлардан таркиб топган. Чор Россияси Ҳайдамаклар ҳаракатини бостиришда фаол қатнашган, 1734, 1750 ва 1768 й. ларда бу ҳаракат йирик халқ қўзғолонига айланган. Ҳайдамаклар ҳаракатининг энг юқори нуқтаси 1768 й. даги қўзғолон бўлган. Ўнг соҳил Украина Россия таркибига киргач (1793), ўлкадаги кураш бошқача тус олган.

1918—20 й. лардаги Фуқаролар уруши даврида қизил армия билан курашган украин қўзғолончилари ҳам ўзларини Ҳайдамаклар деб аташган.