ҲАЙДАЛМА ҚАТЛАМ ОСТИ ГОРИЗОНТИ

ҲАЙДАЛМА ҚАТЛАМ ОСТИ ГОРИЗОНТИ, тупроқнинг ҳайдалма қатлам ости горизонти — кўп йиллар давомида ерга ишлов бериш ва суғориш натижасида тупроқнинг ҳайдалма қатлами остида ҳосил бўладиган зич қават. У, асосан, қумоқ ва соз механик суғориладиган (баъзан лалмикор ерларда) тупроқларни кўп муддат (камида 15—20 йил) мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаш оқибатида шаклланади; унинг зичлиги ва қалинлиги ерни ўзлаштириш ҳамда суғориш муддатлари (даври)га боғлиқ ҳолда орта боради. Бу қават, одатда, ўта зичлашганлиги, йирик палахса кесакли тузилиши, жуда майда коллоид лойқали заррачалар миқдорининг кўплиги ва сувга чидамли агрегатларнинг деярли йўқлиги билан тавсифланади. Баъ-зан уни тупроқ «плугтовони», «плуг ости зич қатлами» деб нотўғри аташади. Ҳайдалма қатлам ости горизонти «плугтовон» (12—15 см)га қараганда анча қалин (18—25 см) бўлади. Тупроқ «плугтовони» Ҳ. қ. о. г. нинг энг устки қисми бўлиб, юқори ҳажм массаси (1,45—1,65 г/см3) ва кам умумий ғовакликка (40—45%) эга. Айниқса чўл зонасидаги механик таркиби оғир ва шўртоб суғориладиган тупроқларнинг зичлиги юқори, бу қатлам сувнинг шимилиши ва сизиб ўтишини кескин камайтиради, экинлар илди-зининг ўсиши ва ривожланишига, шунингдек шўрнинг ювилишига салбий таъсир этади.

Ҳайдалма қатлам ости горизонтининг салбий таъсирини бартараф этиш учун ҳар 4—5 й. да бир марта шудгорлашда ерни чуқурроқ ҳайдаб, шу қатламни ҳам юмшатиб туриш ёки ҳайдалма қатлам қалинлигини аста-секин ошириб бориш зарур.