ҲАЙДАЛМА ЕР

ҲАЙДАЛМА ЕР, экин ер — мунтазам ҳайдаладиган ва фойдаланиладиган, одатда турли экинлар экиладиган қ. х. ерлари (қ. Ер фонди). Суғорма деҳқончилик минтақасида Ҳайдалма ер доимий суғориладиган, шартли суғориладиган ва лалмикор ерларга бўлинади. Доимий сугориладиган Ҳайдалма ерда экиннинг сувга талаби вегетация мобайнида тўла таъминланади. Шартли сугориладиган Ҳайдалма ерда ўсимликларнинг сувга бўлган талаби қисман (70% гача) қондирилади. Лалмикор ерлар ёғинлардангина таъминланади. Ўзбекистонда сув таъминотининг яхшиланиши ва ерларни ўзлаштириш ҳисобига суғориладиган Ҳайдалма ерлар майдони ортиб, шартли суғориладиган ҳамда лалмикор ерлар майдони камайиб бормоқда. Суғориладиган Ҳайдалма ер партов, фойдаланилмайдиган ва б. ерларни ўзлаштириш ҳисобига ҳам кўпайди. Турли мақсадлар, айниқса, қ. х. га боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун қ. х. ерларидан ер ажратиш Ўзбекистон Республикасининг Ер Кодекси (1998, 30 апр.) билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикасида жами қ. х. ерлари 26753,6 минг га, шундан Ҳайдалма ер майдони 4056,6 минг га ни ташкил этади (2005). 2004 й. да барча тоифадаги хўжаликларда қ. х. экинлари 33691,5 минг га майдонга экилди.