ҲАВО-РЕАКТИВ ДВИГАТЕЛЬ

ҲАВО-РЕАКТИВ ДВИГАТЕЛЬ — ёнилғини ўт олдириш учун атмосфера ҳавоси кислородидан фойдаланиладиган реактив двигатель. Тортиш кучи ёниш газларининг реактив соплодан отилиб чиқиши натижасида ҳосил бўлади. Газларнинг соплодан катта тезликда отилиб чиқиши учун Ҳ.-р. д. нинг ёниш камерасига келувчи ҳаво сиқилади. Ҳавони сиқиш усулига қараб, Ҳаво-реактив двигатель турбокомпрессорли (ТРД), пульсацияланувчи (Пу ВРД) ва тўғри оқимли (ПВРД) хилларга бўлинади. Ҳ.-р. д. дан учиш аппаратлари (самолёт, вертолёт, самолёт-сна-ряд)ни ҳаракатлантириш учун фойдаланилади.