ҲАРБИЙ ҲОЛАТ — конституциявий ҳуқуқда фавқулодда вазиятларда ўрнатиладиган ва давлат мудофааси ёки жамоат тартиби, давлат хавфсизлигини таъминлаш учун фавқулодда чоратадбирларни қўллаш билан ажралиб турадиган алоҳида ҳуқуқий режим. Ҳарбий ҳолат уни жорий этишга ваколатли давлат органининг қарори билан алоҳида ҳолатларда (ҳарбий ҳаракатлар бошланганда, оммавий тартибсизликлар рўй берганда ва ҳ. к.) ўрнатилади. Ҳарбий ҳолат айрим жойларда ҳам, бутун мамлакат ҳудудида ҳам эълон қилиниши мумкин. Ҳарбий ҳолат пайтида ҳарбий идораларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва жамоат муассасалари ва ташкилотларига фармойишлар бериш ҳуқуқи берилади. Ҳарбий маъмурларнинг буйруқ ва фармойишларига бўйсунмаганлик учун ҳарбий давр қонунлари бўйича кучайтирилган жавобгарлик белгиланади. Фуқароларнинг бир қанча ҳуқуқлари чекланиб турилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 18-бандига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилади ва қабул қилган қарорини 3 кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади. Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги қонуни (1992 й. 3 июль) бўйича Олий Бош қўмондоннинг вазифалари Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши биланоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юкланади. Унинг ҳузурида Мудофаа Кенгаши тузилади. Кенгаш ҳарбий даврда қуролли Кучларга ва халқ хўжалигига раҳбарлик қилади. Ҳарбий ҳолат тартиби қонунлар билан белгиланади.