ҲАМЗАТОВ Расул Ҳамзатович

ҲАМЗАТОВ Расул Ҳамзатович (1923. 8.9, Доғистон Республикаси, Хунзах тумани Цада қишлоғи — 2003.3.11) — аварчи, кўчма авар театрида режиссёр ёрдамчиси, республика газ. таҳририяти ва радио қўмитасида адабий ходим бўлиб ишлаган (1940 — 45). Москвадаги М. Горький номидаги Адабиёт ин-тда таҳсил кўрган (1945-50).

Илк шеърлар тўплами — «Илҳомбахш муҳаббат, оловли нафрат» (1943). «Бизнинг тоғлар» (1947), «Менинг юртим» (1948), «Тоғлик ўлкаси», «Туғилган йилим» (1950), «Катта оға шаънига» (1952), «Доғистон баҳори» (1955), «Қалбим менинг тоғларда» (1959), «Юксак юлдузлар» (1962), «Битиклар» (1963), «Юлдуз юлдуз билан сўзлашар» (1964), «Йиллар ортидан йиллар» (1968), «Ўчоқ боши-да» (1969), «Чегара» (1972), «Муҳаб-батнома» (1974), «Сўнгги нарх» (1976) ва б. шеърий китоблар муал-лифи.

Ҳамзатов ижоди Шарқ ва Ғарб шеърияти анъаналари ўзаро туташган нуқтада пайдо бўлган бетакрор ҳодисадир, Ҳамзатовнинг Шарқ таровати билан йўғрилган ва тоғли ўлка кишиларининг ўзига хос руҳий оламини акс эттирган шеърлари 50-й. ларда миллийлиги, самимийлиги, лирик ҳис ва туйғуларнинг бокиралиги билан китобхонлар ва танқидчилар эътиборини қозонган. Ҳамзатов шеърларининг лирик қаҳрамони кишилардаги яхши фазилатларни қадрлай билувчи, ўзи ҳам бошқаларга меҳр-муҳаббатини аямайдиган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, руҳий олами бой ва гўзал инсондир. Ҳамзатов шеърларида ана шу лирик қаҳрамон қалбининг таманнолари ёрқин ифода этилган. Ҳамзатов, ўз табиатига кўра, лирик шоир. Шунга қарамай, у достон жанрида ҳам ижод қилиб, «Отам билан суҳбат» (1953), «Тоғ қизи» (1958), «Оналарни асранг» (1978) каби баркамол достонларини яратган. Унинг ҳаёт ва адабиёт, онаватан ва замондошлар ҳақидаги «Менинг Доғистоним» (1—2-китоблар, 1967—71) лирик қиссаси 60-й. ларнинг 2-ярмида қардош халқлар адабиётида сохта ватанпарварлик гоялари ўрнига миллий ғоя ва миллий ғурур туйғусининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Ҳамзатовнинг шеърий ва насрий асарлари, бошқа халқлар адабиёти қатори, шу давр ўзбек адабиётига ҳам таъсир ўтказган. Хусусан, Шукруллонинг «Жавоҳирлар сандиғи» лирик қиссаси Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» асари таъсирида майдонга келган.

Ҳамзатов асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига, шу жумладан. ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳ. Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Шук-рулло, Абдулла Орипов сингари ўзбек шоирлари билан ижодий алоқада бўлган.

Ас: Юксак юлдузлар, Т., 1964; Мой Дагес-тан, М., 1977; Собрание сочинений, т. 1—5, М., 1980—82; Остров женшин. Новне стихи и поэмм, М., 1983; Суди меня по кодексу любви, М., 2003.

Ад.: Деме нтьев В. В., Расул Гамзатов, М., 1984.