ҲАМШИРА

«ҲАМШИРА» — ҳамширалар, фельд-шерлар ва б. тиббиёт ходимлари учун мўлжалланган илмий-амалий, тиббий-маърифий журнал. 1997 й. 10 фев. дан Тошкентда нашр этилади. 1 й. да 4 марта чиқади. Муассиси: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси МК, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази. Жур. нинг вазифаси ўрта тиббиёт ходимлари билимини ҳамда маънавий ва маърифий савиясини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш; уларни шифобахш табиат ва тиббиёт тарихи билан таништириш, шунингдек, касбга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда инсон саломатли-гига оид барча масалаларни кенг кўламда мунтазам ёритиб боришдан иборат. Бундан ташқари жур. да соғлиқни сақлаш муассасаларида хизмат қилаётган ўрта тиббиёт ходимларининг вазифалари, ҳуқуқ ва жавобгарликлари, уларни жаҳон андозасига мос фаолият юритишлари, унда республикамиз ўрта тиббиёт ходимларининг хорижий ҳамкасблари билан ҳамкорлиги ҳамда улар олдида турган энг долзарб муаммоларга оид материаллар асосий ўрнини эгаллайди. Адади 26000 (2005). Муҳаррири Фарҳод Оқилов (2000 й. дан).