ҲАМРОЕВ

ҲАМРОЕВ Раззоқ (1910.30.11 – шофиркон тумани, Тезгузар қишлоғи — 1981.5.5, Тошкент) — актёр, реж., педагог. Ўзбекистон халқартисти (1951). Халқартисти (1973). Тошкентдаги ўлка эрлар билим юртини (1930), Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1954). Наманган театри асосчиларидан (1931). Наманган театрида актёр, реж., бош реж., бадиий раҳбар (1931—45). 1946 й. дан Муқимий теат-рида актёр, реж., бош реж. (1959—76), 1977 й. дан реж. Айни вақтда, 1954 й. дан Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тида дарс берган, проф. (1978 й. дан). «Тоҳир ва Зуҳра» (С. Абдулла)даги Нозим, «Рустам» (У. Исмоилов)даги Рустамлар Ҳамроевнинг саҳнада яратган илк образларидир. Ҳамроев саҳна ва экран навоийномасининг шаклланишига салмоқли ҳисса қўшган. Хуршиднинг Навоий достонлари асосида яратилган «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмасида Хусрав, Хоқон ролларини, «Навоий» (Ойбек) драмасида Навоий ролини ижро этган. Шунингдек, унинг театр саҳнасида яратган Фердинанд (Ф. Шиллер, «Макр ва муҳаббат»), Панталоне (К. Гоцци, «Маликаи Турондот»), Арслон (К. Яшин, «Тор-мор»), Муқимий (С. Абдулла, «Муқимий»), Ҳамза (К. Яшин, А. Умарий, «Ҳамза»), Труфальдино, Кавалер (К. Гольдони, «Икки бойга бир малай», «Мусофирхона бекаси»), Мальволио (У. Шекспир, «Ўн иккинчи кеча»), Меливой (Ҳ. Ғулом, «Тошболта ошиқ») каби образлари ҳам машҳур.

Ҳамроев ўзбек киносида ҳам чуқур фалсафий, ҳажвий, мазмунли образлар яратди: Нозим («Тоҳир ва Зуҳра»), Навоий («Алишер Навоий»), Хўжа Насриддин («Насриддиннинг саргу-заштлари»), Беруний («Абу Али ибн Сино»), Муқимий («Фурқат»), Мир-закарим қутидор («Ўтган кунлар»), Тоға («Ёрёр»), Тоштемир дорбоз («Дорбозлар»), Ибн Ироқ («Абу Райҳон Беруний»), Жаъфарбек («Жай-хун»), Раҳимжон мироб («Мирзачўл»), Усмонбой («Хоразм афсонаси»), номозов («Командирнинг қайтиши»), Ғофир («Сени кутамиз, йигит») ва б. шулар жумласидан. Актёр экранда яратган Алишер Навоий образи санъаткор ижодида алоҳида ўрин тутади. Наво-ийни мутаффаккир шоир, халқпарвар давлат арбоби, содиқ дўст сифатида ёрқин гавдалантирди, унинг ички кечинмаларини томошабинга моҳирона етказди, давр қарама-қаршиликларини ифодалашда катта истеъдодини намойиш қилди. 1968 й. Муқимий театрида шоирнинг 525 йиллиги муносабат билан Ҳамроев «Навоий Астрободда» (И. Махсумов; Ю. Ражабий, С. Жалил) мусиқали драмасини саҳналаштириб, ўзи бош ролни ижро этди. Навоийнинг байтуғазалларини ажойиб талаффузда маъноли, жарангдор, юксак маҳорат билан ва таъсирчан ўқиш билан образнинг таъсир кучини янада оширди.

Унинг реж. сифатида айниқса, мусиқали драма жанри тараққиётида хизматлари алоҳида. «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Олтин кўл», «Нурхон», «Макр ва муҳаббат», «Му-қимий», «Гули сиёҳ», «Фарғона тонг отгунча», «Тошболта ошиқ» каби Ҳамроев режиссёрлик қилган драма, коме-дия, мусиқали драма каби турли жанрдаги спектакллар чуқур ҳаётийлиги, юксак ижро савияси ва теран ғоявий мазмуни билан ажралиб туради. У нафақат Муқимий театрида балки республикамизнинг вилоят театрларида ҳам кўпгина спектакллар саҳналаштирган.

Давлат мукофоти (1948), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотлари (1964, 1970) лауреати. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2003).

Моҳина Аширова.