ҲАМИД ҒУЛОМ

ҲАМИД ҒУЛОМ (Ғуломов Ҳамид Убайдуллаевич) (1919.25.4 — Тошкент — 2005.21.8) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1979), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969). Ўрта Осиё индустриал ин-тининг ишчилар (1933) ва тоғ ф-тларини, Педагогика интининг рус тили ва адабиёти ф-тида Москвадаги Олий адабиёт курсида таълим олган. «Қизил Тожикистон» газ. да адабий ходим (1938-41), ЖЧМ Ўзбекистон давлат нашриётида муҳар-рир (1941— 42), республика радио комитетида сухандон ва муҳаррир (1943 —44), «Қизил Ўзбекистон» газ. да бўлим мудири ва масъул котиб (1944 — 54), «Литературная газета»нинг Ўзбекистон бўйича махсус мухбири (1956 — 58), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатида котиб (1958—65), «Шарқ юлдузи» жур. да бош муҳаррир (1965—71), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида директор (1971—81).

Илк шеърлар тўплами — «Қасосим бор» (1942). «Ҳайкал» (1943), «Салют» (1945), «Ватан куйлари» (1949), «Янги боғ» (1951), «Даламизга келинг» (1954), «Қитъалар уйғоқ» (1960), «Ошиқ кўнгил» (1974) сингари шеърий тўпламлар ҳамда «Ҳаёт ишқи», «Лола кўл», «Амазонка қўшиғи» сингари достонлар муаллифи. Ҳамид Ғулом шеъриятига хос асосий хусусият шунда-ки, у лирик қаҳрамоннинг руҳий ола-мини очиш, унинг туйғу ва кечин-маларидаги изтироб ва ички курашни тасвирлашга эмас, балки умуминсоний фикр ва ғояларни куйлашга кўпроқ урғу берган. Кўпинча танта-навор оҳанглар ёрдамида воқеликка бўлган муносабатини ифодалашга, китобхон билан мулоқотда бўлишга интилган.

Ҳамид Ғулом «Олмос қизи» (1956) илк қиссасидан кейин насрий жанрларда кўпроқ ижод қилған. 2 китобдан ибо-рат «Машъал» (1958—61) романида ўтган асрнинг 20-й. ларида Ўзбекистонда социалистик тузумнинг барпо этилиши билан боғлиқ воқеаларни акс эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мазкур романдаги бир неча қаҳрамонлар (Ботирали, Эъзозхон ва б.) образи маҳорат билан тасвирланганига қарамай, мураккаб ва ҳатто фо-жиали тарихий давр унда ўзининг бир ёқлама ифодасини топган. Ёзувчи «Сенга интиламан» (1963) романида 50-й. ларда қўриқ ва бўз ерларнинг ўзлаштирилиши мавзуига мурожаат этган, «Тошкентликлар» (1967) рома-нида эса ҳамшаҳарларининг 2-жаҳон урушидан аввалги ва уруш йилларидаги фидокорона меҳнатини тасвирлаш асосида ўзбек халқига хос жасорат ва қаҳрамонликни бадиий мужассамлантиришга интилган. Ҳамид Ғуломнинг «Бинафша атри» (1976) романи ҳам Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши мавзуида. Ҳамид Ғулом тарихий-инқилобий мавзудаги «Мангулик» (1978) романидан кейин мумтоз ўзбек адабиётининг машҳур намояндаси Машраб ҳаётига бағишланган навбатдаги романини яратган.

Ҳамид Ғулом мусиқали драма театри учун «Фарғона ҳикояси», «Ўғил уйлантириш» (1963), «Дил кўзгуси», «Тош-болта ошиқ» (1965), «Ажаб савдолар» (1968) ва «Муҳаббат навоси» пьесалари ҳамда опера театри учун «Хо-разм қўшиғи» (1964) либреттосини ёзган. Комик роллар устаси С. Хўжаев ижро этган Тошболта ошиқ тўғрисидаги комедияси Муқимий театрида саҳналаштирилган.

У. Шекспирнинг «Ўн иккинчи кеча», Лопе де Веганинг «Қўзи булоқ» пьесалари, Фирдавсий «Шоҳнома»сига кирган айрим достонлар, шунингдек, А. Пушкин, М. Лермонтов, Т. Шев-ченко, М. Горький ва б. ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

«Эл-юрт ҳурмати» (1988) ва «Меҳ-нат шуҳрати» (2004) орденлари билан му кофотланган.

Ас. Танланган асарлар [3 ж. ли], 1—3ж. лар, Т., 1962—72; Лола кўл, Т., 1973; Асарлар, 4 ж. ли, Т., 1978—79; Вафонинг узун йўли, Т., 1988.

Ад. Владимирова Н., Султонова М., Қаҳрамоннинг шаклланиши, Т., 1968; Бой-қобилов Б.. Шермуҳамедов П.. Ижоднинг юлдузли онлари, Т., 1979.