ҲАМАДОНИЙ

ҲАМАДОНИЙ Юсуф Абу Яъқуб (1048, Ҳамадоннинг Бузанжирд қишлоғи — 1141, Афғонистоннинг бомиён ш.) — тасаввуфнинг йирик намояндаси, олим. Бағдодда Абу Исҳоқ Шерозийдан таҳсил олган. Исфаҳон, Самарқанд, Бухорода билимини оширган. Тасаввуфни Абу Али Фор-мадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Симнонийдан ўрганган. Замонасининг етук алломалари Абдулқодир Гилоний, Ғаззолий, Ҳамидуддин Мултоний билан мулоқотда бўлган. 30 марта ҳаж зиёратига борган.

Ҳ. Бухорода узоқ муддат яшаб, Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувоний ва б. йирик машойихларга устозлик қилган. У кейинчалик хожа-гон-нақшбандия тариқатининг айрим қоидаларини ишлаб чиққан. Хожа Аб-дуллоҳ Баррақий Хоразмий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний Ҳ. дан сўнг унинг халифалари сифатида муридларнинг тарбияси билан шуғулланганлар. «Рутбат ул-ҳаёт» («Ҳаёт мезони»), «Кашф», «Ри-сола дар одоби тариқат», «Рисола дар ахлоқ ва муножот» каби асарлар ёзган. «Ҳаёт мезони» рисоласи ўзбек тилида нашр қилинган (Тошкент, 2003). Хоки Бомиёндан Марв ш. га олиб келиниб, қайта дафн этилган. Абдухолиқ Ғиждувоний, Фари-дидцин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларида Ҳамадоний ҳақида маълумотлар бор.