ҲАМАДОН

ҲАМАДОН — Эроннинг ғарбий қисмидаги шаҳар. Ҳамадон остонининг маъмурий маркази. Аҳолиси 483,8 минг киши (2004). Автомобиль йўллари чорраҳаси. Мамлакат ғарбий қис-мининг муҳим савдо маркази. Озиқ-овқат, ёғочсозлик, тўқимачилик саноати корхоналари мавжуд. Ҳунар-мандчиликда гилам ва матолар тўқилади, мис ва теридан турли буюмлар тайёрланади. Ун-т бор.

Шаҳар мил. ав. 11-а. дан маълум. Ҳамадон номи дастлаб Оссурия миххатларида Аматана, қад. форс тилида Ҳаг-матана, юн. Агбатана ёки Экбатана шаклида учрайди. Мил. ав. 7—6-а. ларда Мидия пойтахти, мил. ав. 550—549 й. лардан кейин Ахоманийларнинг ёзги қароргоҳи. Салавкийлар, парфияликлар ва сосонийлар даврида Месопотамиядан Шарқнинг бошқа мамлакатларига ўтувчи савдо йўлининг муҳим марказларидан бири. 7-а. дан Араб халифалиги таркибида. 11-а. да шаҳарни ўғузлар эгалладилар. 1118—94 й. ларда Ғарбий Эрондаги Салжуқийларга тобе бўлган Ироқ султонлигининг пой-тахти. 1220 й. да Ҳамадонни мўғуллар босиб олиб, вайрон қилганлар. 16 — 18-а. да Сафавийлар давлати таркибида. Эрон—Туркия урушлари даврида (16—18-а. лар) бир неча бор турклар қўл остига ўтган.