ҲАКИМХОНТУРА

ҲАКИМХОНТУРА, Хўжа муҳаммад Ҳакимхонтўра бин Сайид Маъсумхон (1802, Қўқон — ?) — тарихчи олим, маърифатпар-вар. Ҳакимхонтура она томондан Қўқон хони Нор-бўтабийнинг набираси, Олимхоннннг жияни; ота томондан машҳур сўфи шайхлардан Аҳмад Хожаги Косоний (Махдуми Аъзам) авлодидан бўлган. 1822 й. да Ҳ. Тўрақўрғонга, сўнгра наманган ва Косонга ҳоким қилиб тайинланган. Кейинчалик хоннинг ғазабига дучор бўлиб хонликдан кетказилган. 1824 й. да Ҳ. Оренбургда рус императори Александр I билан учрашган. У Россиядан кейин Туркия, Сурия, Фаластин, Миср орқали Макка ва Мадинага борган. 7 й. Миср, Ара-бистон ва Эронда, 1830 — 31 й. лар Бухорода яшаган. Умрининг сўнгги йилларида Шаҳрисабзда яшаб, «Мун-тахаб аттаворих» («Йилномалар тўплами») номли тарихий асар ёзган. Бу асар Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги тарихига оид муҳим манбалардан ҳисобланади. Унда пайғамбарлар ҳақидаги ривоятлар, қад. Эрон, Араб халифалиги, сомонийлар, сал-жуқийлар, хоразмшоҳлар, мўғуллар, темурийлар ва бобурийлар даври тарихидан қисқача маълумотлар берилган. Шунингдек, Бухоро ва Қўқон хонликларининг ташкил топишидан бошлаб 19-а. нинг 40-й. ларигача бўлган тарихи батафсил тасвирланган. Унда Россия, араб мамлакатлари ва Эронга қилган саёҳатлари натижасида олган таассуротлари ва шу жумладан, мазкур мамлакат халқларининг турмуши, урф-одатларига оид маълумотлар ҳам ўрин олган. Асарнинг ўзбек ва форс тилларидаги вариантлари мавжуд.

Ҳайдарбек Бобобеков.