ҲАКИМХЎЖА ҚОЗИКАЛОН

ҲАКИМХЎЖА ҚОЗИКАЛОН (1802 — Тошкент — ?) — Тошкентнинг сўнгги қозикалони. 1865 й. да Россия қўшинлари Тошкентни қамал қилганида шаҳар мудофааси раҳбарларидан бири. Шаҳар рус қўшинлари томонидан эгаллангач, Ҳакимхўжа қозикалон Абулқосим эшон, домла Солиҳбек охунд сингари нуфузли кишилар билан М. Т. Чер-няев қароргоҳига бориб Тошкент ш. ни идора этиш хусусида у билан музокара олиб борган (1865 й. 12 июль). Ҳ. қ. ҳамма масалада ўз халқи манфаатлари сақланган ҳолда амниятнома тузилишига сабабчи бўлган. 1866 й. Туркистон вилояти ҳарбий губернатори генерал Романовский номига лаганбардорлар муҳри босилган тавсифномага имзо чекмагани туфайли генерал билан муносабати ёмонлашган.

1867 й. да фон Кауфман Тошкентга келганида Ҳакимхўжа қозикалон хусусидаги таърифларни эшитиб, унинг уйига боради. У билан суҳбатлашиб муаммоли масалаларда унинг маслаҳатларига муҳтож эканлигини билдирган. Кауфман уста дипломат бўлгани учун Ҳакимхўжа қозикалондан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлади. Бу ҳийлани пайқаган қози-калон ўз аризасига биноан вазифасидан бўшатилади. Қозикалон мансаби бекор қилингач. Ҳакимхўжа қозикалоннинг ўғли муҳиддинхўжа қози Себзор қозилигига сайланади ва 25 й. ча бу вазифани адо этади.

Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи. 1-ж. (Тур-кистон чоризм мустамлакачилиги даврида], Т., 2000.

Ҳамдам Содиқов.