ҲАКИМ

ҲАКИМ (985-1021) – Фотимийлар сулоласидан бўлган халифа (996 й. дан). Ҳаким даврида Фотимийлар халифалиги ниҳоятда кучайган. Ҳаким ички сиёсатида фуқаролар (айниқса христиан ва яҳудийлар) оммавий равишда таъқиб этилган; баъзан сунний-мусулмонлар ҳам қувғин қилинган. Ҳаким ҳукмронлиги охирида саройда шиаларнинг роли ошган, уларнинг таъсири остида Ҳаким (1017 ёхуд 1018 й.) ўзида Аллоҳ мужассам этилганини эълон қилган; буни эътироф этган қавмлар друзлар фирқасини ташкил этган. 1021 й. 13 фев. да Ҳаким сайил қилиб юрган чоғида сирли равишда ғойиб бўлган.