4 - БОБ
— Уф-ф, кунма-кун оёқдан қолаяпман. Невара кўролмай ўтиб кетаманми энди... — деди.
— Неварангиз кўп-ку, эна... — дея минғиллади Қоплон.
— Ҳар бир гулнинг ўз ҳиди бўлади. Бошқа невараларимнинг йўриғи бошқа, сендан кўрадиган невараларимнниг йўриғи бошқа.
— Сен қаторилар болали бўлди, — деди отаси.
— Ўғли борнниг ўзи бор, қизи борнниг изи бор.
— Умр ўтаяпти. Бўларингда бўлиб ўт, бўз йўрғадай елиб ўт.
Қоплон нажот истади, совчига қаради.
Совчи бу қарашни уқди.
— Хоҳласанг, ажрал, — деди совчи. — Ўзим қўшиб эдим, ўзим ажратаман. Кейин, уккағарнинг совчиси умримга завол бўлди, дея ўпкаланиб юрма.
— Майли, бир ўйлаб кўрайин, — дея қўзғалди Қоплон.
3
Токайгача одамлар қобоқ-тумшуғига қараб кун кўради?
Ё шундай ўтиб кета берадими? Умри охиригача-я?
Оғзига етган бор, етмаган бор. Бир кун эмас-бир кун, биров билан гапи чап тушади. Юзига айтади...
Шунда нима деган одам бўлади?
Кўза кунда синмайди, кунида синади!
Мана, неча йилким, мунғайиб кун кўради.
Eл-юрт билан мулоқот қилса, гап кетишига қараб туради. Биров бир бемаъни гап гапирса:
— Сизники маъқул, — дея бош ирғайди.
Борди-ю, шу гапни бошқа биров инкор этса:
— Сизники-да маъқул, — дейди.
Инкор этмайди, эътироз-да билдирмайди.
Ҳаёт кетиши, кун ўтишини пойлайди.
Токайгача?
Тоғ йўлида юрмиш отлиқ кўнглидан ана шулар ўтди.
Йўл ёқаларида адирлар бўлди. Адирлар от туёқ товушлари акс садосини берди.
Сойда тоғ суви тошдан-тошга урила-урила оқди, кўпиклана-кўпиклана оқди.
Осмонўпар тоғ бағоят кўркам бўлди, тароватли бўлди.
Отлиқ шу тоққа тикилиб борди, хаёлланиб борди.
Шўро котиби қоровулликка оламан, деди, Албатта, гап-сўзсиз олмайди. Ўзи, қолаберса, бошқалари сўраб-суриштиради. Нимага қўлтиғингиз остидаги ишни ташладингиз, кўп йиллар ёнма-ён ишлаган одамларга қўл силтадингиз, демайдими? Йўл олис бўлса, яна тағин тўқсон сўмлик қоровуллик бўлса, нимасига орзуманд бўласиз, демайдими? Олисдаги паловдан яқиндаги шўрва яхши демайдими?
Шунда, нима дейди? Бефарзанд бўлдим, элдан тилим қисиқ бўлди, шу боис, элдан холисроқда юрайин, дейдими? Минбаъд! Индамай тура беради. Барибир ишга олади. Ўзи айтди, садқаи суханингиз, деди...
4
Отлиқ отини дарвоза устунига қантарди.
Ҳовлига кирди, зинадан кўтарилди, тор йўлакдан ичкарилади.
Шунда, нордон-нордон гапирмиш котиб овозини эшитди. Эшик кетида оёқ илди. Деворга яғрин берди.
21
Котиб куюнди:
— Қачон жиловлаб қўйилади бу иғвогар, ғаламислар-а?! Қачон бартараф бўлади, бу анонимчилар-а?! Аввал солиқ масаласи эди, энди бу! Раҳмат, мухбир ака, ҳақиқатни тиклагани келибсиз. Умид қиламанки, ҳужжатларимизни кўриб чиқиб, ўша фисқ-у фасодчиларнинг ёзганига яна қайтиб ишонмайсиз!
Бегона овоз сўради:
— Холлиев Жўра!
Котиб жавоб берди:
— Бор, Вахшиворда яшайди!
— Саидов Олим!
— Бор, Зардақулда истиқомат қилади!
— Каримов Холбек!
— Ҳаёт! Лўккада қарилик гаштини суриб юрибди!
— Илтимос, шу одамни бир чақиринг. Бир гурунглашайлик.
— Энди, мухбир ака, Лўкка олис, ҳа, олис! Буёғи, Лўккасойдан сел чиққан! От ўтолмайди!
— Хўп, Тўраева Менгсултон!
— Бор!
— Қаерда?
— Хўжасоатда! Қарилик нафақасини ўз вақтида олиб туради!
— Хў-ўп. Исломов Бўрибой!
— Ҳ-е, бу анави чинорлик дала қоровули! Куни далада ўтади! Бўри акани эрталаб бекатда кўриб эдим! Йўл бўлсин, десам, Денов бораяпман, нос тамом бўлди, деб эди!
Қоплон кўзларини бир юмиб очди. Оёқ учида ташқарилади, тағин отланди. Жиловни қўйиб юборди. От ўз ихтиёрида қадамлади.
Қоплон эгар қошига тикилиб борди-борди-да, бирдан бошини кўтарди. Шунда, қўлида жилов йўқлигини билди. Узалиб, от бошигача сурилиб бормиш жиловни тортиб олди.
От сесканди, олд оёқларини хиёл кўтарди, йўлга бел бўлди.
Қоплон отни чапдаги эчки сўқмоқдан солди.
Сойда сатил кўтариб юрмиш аёллар олдидан ўтди. Адирлаб, отига қамчи босди.
От ғарқ терга ботди, оғир-оғир нафас олди.
Қоплон адир нариги бетида отдан тушди. От арқонини тошга ўради.
Майдароқ бир тошга чўнқайиб ўтирди. Тиззаларини қучоқлади. Пешонасини билакларига қўйдида... ҳўнграб йиғлаб юборди!
У йиғлади... инсон, ўғри бўл, ғар бўл, эви билан бўл-да. Шундан кўра ўлганинг яхши эмасми. Имон қани, одам деган номинг қани, инсон... дея йиғлади.
У йиғлади... инсон, сенга пул керак, инсон. Пул деганлари бир қоғоз-ку, инсон. Қоғозни деб шунчаликка бордингми, инсон... дея йиғлади.
От қулоқларини диккайтириб-диккайтириб хўжасига қаради.
Қоплон йиғлай берди-йиғлай берди. Қизимиш бадани совиди, тўлмиш ўпкаси бўшади.
Отни хиёл йўлгача етаклаб борди. Кўзларини желаги ўнгири билан артди. Хўрсина-хўрсина, отланди. Чайқала-чайқала, ёқасига туфлади.
Мухбир сўрамиш, котиб айтмиш ўша бандаи мўминлар кўз ўнгидан бир-бир ўтди: Холлиев, Саидов, Тўраева...
Бу бандайи мўминлар... бу бандайи мўминлар бундан беш-олти йил муқаддам... раҳматлик бўлиб эди...
5
22
Шу-шу, Қоплон котиб юзини кўрмади. Кўришни-да хоҳламади.
Котибни эслади — сесканди, эти жимирлади. Котибни эслади — бош чайқади, ёқасига туфлади. Кўрмиш-кечирмишларини элга жорий этмоқчи-да бўлди. Яна тағин шаштидан қайтди.
«Исмат мироб Мамат билан тегирмонда навбат талашиб қолиб, бечорани қандайин хўрлади? — деди. — Йигирма йилдан бери аёлингни туғдиролмайсан-да, яна тағин ўзингни эркак санайсан, деди. Бундайин гапни эшитгандан кўра... ўлган яхши! Мабодо кўрган-билганларимни айтиб қўйсам, котиб эшитиб қолади. Кейин, эл олдида ҳалигидайин гапларни юзимга солади. Ундайлардан келади, ҳа. Яхшиси, ҳали-ҳозир тилимни тийганим маъқул бўлади. Хушвақт ўғлимиз дунёга келсин, ундайчикинлар билан қандай гаплашишни ўзим биламан!..»
6
Ота-онаси тағин чақиртирди.
— Уйимиздан илон чиққанми? — пичинг қилди отаси.
— Йўқ, нима эди? — талмовсиради боласи.
— Бўлмаса нимага қорангни кўрсатмайсан?
— Бизнинг гапимиз нима бўлди?
— Елиб-югуряпмиз, бериб қолар... — дея минғиллади Қоплон. — Берса, шу вақтгача берарди-да.
— Аёлингнинг гапига кирма! Аёлинг алдаб юра беради.
— Аёлинг бугун у дейди, эртага бу дейди...
— Ўзи-ку, пушти куйиб кетибди экан...
— Энди, сени-да сўққабош ўтказадими?..
— Нафасларингизни иссиқ қилингизлар...
— Нафасимизни иссиқ қилмай, нима қиляпмиз?
— Қозон тўла ош бўлсин, ёстиқ тўла бош бўлсин, деяпмиз! Қоплон миқ этмай қўзғолди.
Ота-онаси кетидан қараб-қараб қолди.
7
Қиш қариди.
Ердан кўклам ҳиди келди.
Бригадир Қоплонни ток кесиш учун айтди.
Қоплон рўмолга нон билан майиз тугди. Тугунни хуржуннинг ўнг кўзига солди. Чап кўзига токқайчиларни солди.
Далага йўл олди.
Отини ариқ бўйига арқонлади.
Хуржунни елкасига ташлади. Ёйилиб ток кесмиш одамларга қараб юрди.
Ҳорманг, бор бўлинг, қилди.
Тушлик тугунни олма шохига илди.
Ўнгирларини чаппа қайириб, белбоғига қистирди.
Жўяк бошида ток кесиб бошлади. Новда тўртинчи бўғинидан қайчи солди. Омон қолмиш новда учини ерга қадаб қўйди.
Галдаги ток қўштана бўлди. Ҳар танада тўртбештадан новда бўлди. Бу новдалар учини кесиб, шундай қолдириб бўлмайди. Боиси, бир токка кўплик қилади. Оқибат, узуми майда-майда бўлади.
Шу боис, Қоплон ток бировини айрисидан чўрт кесиб ташлади.
Танада битта ток қолди.
Eнди, чўрт кесиб ташланмиш ток куч-қуввати-да ана шу омон қолмиш токка ўтади. Бир токда
23
иккита ток қуввати бўлади.
Ана энди новдаларни узун-узун қолдирса-да бўлади. Шиғил-шиғил узум тугади.
Шу боис, Қоплон, омон қолмиш ток новдаларини тўртинчи бўғиндан эмас, олтинчи бўғиндан кесиб ташлади.
Қоплон оқшомгача тўрт жўяк ток кесди.
Бўзболалар кесилмиш новдаларни йиғиштириб олди. Кузда майиз қилинажак ўчоқ олдига олиб бориб босди.
Оқшом Қоплон бели қадала-қадала, отига аранг минди.
Уйида ёнбошлаб таътилланди-да, ўзини тўшакка таппа ташлади.
8
Оймомо дастурхон ёпа-ёпа:
— Синода бир табиб бор эмиш, остонасидан одам узилмас эмиш, — деди.
— Нима қил дейсан? — деди Қоплон.
— Бригадирдан сўрасин, бориб келамиз.
Қоплон аёлига оғириниб қаради.
— Қайси юз билан? — деди.
Оймомо чаппа бурилиб олди.
— Бу кишига иш керак, мол-дунё керак. Қайғуси болами... — деди.
Қоплон ёниб кетди. Ташқарилади. Ҳовлини айланиб келди. Чопон ўнгирини тутамлаб айтди, ўз овозига ёт овозда айтди:
— Менга манави чопоним қолса бўлди, момоси!..
9
Қоплон дилтанг бўлиб ўтириб эди, отаси кириб келди. У, отаси мақсадини билди. — Бор, мол-ҳолларга қара, — деди аёлига.
Отаси жойлашиб ўтирди. Фотиҳа қилди. Ерга қараб гап очди:
— Энанг айтган гапни нима қилдинг? — деди.
— Қандай гап? — талмовсиради Қоплон.
— Невара-чевара орзуси.
Қоплон ҳаминқадар куйиб-ёнди.
— Э-е-е, ота! — деди. — Аёл меники! Буёғини ўзимга қўйинг-да, энди! — Айтмасанг-да, аёл сеники, бари гап сенда.
— Бўпти-да!
— Бир оғиз гапни айтиб, жавобини бериб юбориш шунча қийинми? — Тинч қўйинг, ота, тинч қўйинг!
— Қўймайман! Нима дейсан, қўймайман!
Қоплон ўрнидан туриб кетди.
— Боринг, ота, боринг, барака топинг!
Отаси анграйиб қолди.
— Нима-нима?! — деди.
— Тинч қўясизми-йўқми, деяпман!
— ...
— Қўймасангиз, ана, катта кўча!
Отаси оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди.
— Ҳа-а-а!! Сен ҳали мени уйингдан ҳайдаяпсанми?! Мени-я?!
— Ҳайдаётганим йўқ, тинч қўйинг, деяпман!
— Ҳа-а-а!!! Мени-я?! Ўз отангни-я?! Ҳе, энангни...
24
Отаси сапчиб турди. Қоплоннинг қулоқ-чаккасига тортиб юборди. Ҳовлига отилиб чиқди. Кафтларини катта-катта очди. Салмоқлаб-салмоқлаб дуо қилди:
— Омин, ўз отангни уйингдан ҳайдаган бўлсанг, илойим, косангнинг таги оқармасин! Ўлсанг, отамлаб йиғловчинг бўлмасин, оллоҳу акбар!
Отаси этак қоқиб кетди. Яна қайтиб келмади.
Бир қиш узун-да келди, аёз-да келди.
Чол ана шу қишдан чиқолмади.
10
Бир армон фолчига бориш бўлди. Фол очириш бўлди.
Қоплон билан Оймомо отланди. Даҳана Обшир қишлоғига борди. Ҳожар кўр фолчи уйини топди.
Дарвозада бир аёл:
— Кечқурун фолим келмайди, эрта саҳарлаб келсин, деяптилар, — деди.
Қоплон билан Оймомо отдан тушмайин изига равона бўлди. Хийла юрди. Боя ўтмиш тошлоқ оралаб юрди.
От оҳисталади. Қалқиб-қалқиб олди. Оёқ илиб-илиб олди.
Қоплон билди, от туёқларига тош ботди. Отига раҳми келди. Энкайиб, от туёқларига қаради. — Шу, Ҳожар кўрга нимага-да келдик, ўзи, — дея хуноб бўлди.
— Ундай демасин, — деди Оймомо, — Ҳожар кўрни фолчимисан-фолчи, дейдилар. Балони билади, дейдилар.
— Гўрни билади, очиқ лаҳадни билади! Ўз оти ўзи билан Ҳожар кўр бўлса!..
11
Қоплон билан Оймомо тонг саҳарлаб келди.
Оймомо ёлғиз ўзи ичкарилади. Теваракка аланглади. Ҳайрон бўлиб қолди. Ҳовли тўла оқ товуқ бўлди! Товуқлар бири қўйиб бири қоқоқлади. Оймомо кетидан эргашди.
Оймомо товуқларни кишкишлаб ҳайдади. Кўнглидан: «ўзи, бу ер уйми, ё, бир товуқ фермами?» деган гап ўтди.
Нимқоронғи уйга кириб борди.
Уй тўрида оппоқ бир момо ўтирди. Момо оппоқ кийимда бўлди. Елкаларига ташлаб олмиш рўмолида оппоқ бўлди. Рўмоли четларидан кўринмиш сочлари-да оппоқ-оппоқ бўлди. Оппоқликда юзлари-да сочларидан қолишмади.
Ҳожар кўр юзларини юксак тутди. Юзларини мағрур тутди, улуғ тутди. Гўё, шипга юзланар бўлди. Гўё, бир нуқтага тикилар бўлди.
Уй нимқоронғилигида ажаб бир сеҳр бўлди. Ҳожар кўр ўтиришида ажаб бир салобат бўлди. Оймомони нимқоронғи сеҳри босди, Ҳожар кўр салобати босди. Ўтиришини-да, туришини-да билмади. Бўсағада серрайиб қолди.
— Кел, айнам, кел, манави ерга ўтир! — деди Ҳожар кўр.
Оймомо Ҳожар кўр айтмиш жойга чўк тушди. Ҳожар кўрга бел бўлди. Ерга қараб ўтирди. Ҳожар кўр юзларини шипдан олмади, кўзларини шипдан узмади.
— Эмин-еркин ўтира бер, айнам, бу ер товуқ ферма эмас, Ҳожар кўрнинг уйи! — деди.
Оймомо бир қўзғолиб олди. Довдираб қолди.
— А? — деди.
— Бу ер Ҳожар кўрнинг уйи, товуқ ферма эмас.
Оймомо ҳанг-манг бўлди.
— Товуқ қоқоқлашини яхши кўраман, — деди Ҳожар кўр. — Хўроз қичқиришини ундан ҳам яхши кўраман. Хўрозлар мени азонда уйқудан уйғотади. Шу боис, кўп-кўп товуқ боқаман.
25
Соатга ишонмайман. Соатда жон йўқ-да. Жони йўқ нимага ишониб бўладими!.. Ҳожар кўр кўйлак ёқаларини кўтариб-кўтариб, ичини шамоллатди.
— Ҳа-а, отда келдиларингми, айнам?
— Ҳа.
— От туёғини тош урса, Ҳожар кўр айбдор эмас, айнам!..
Оймомо юзларини ердан олди.
— Биров сизни айбдор дедими? — деди.
— Деди-да, айнам, хўжанг деди-да! Ҳожар кўр гўрни биладими, деди-да! Ҳожар кўр билади, айнам, ҳа, билади! Ҳожар кўр гўрниям билади, ерниям билади!..
Оймомо лол бўлиб қолди. Нима дейишини билмади.
— Нимага туморинг йўқ, айнам? — фавқулодда сўради Ҳожар кўр.
— Бор, — деди Оймомо.
— Қани, қани?
— Мана.
Оймомо чап қўлтиғига қўлини олиб борди. Бирдан, кўнгли шувв, этди. Тумори жойида бўлмади. Кўйлаги ёқасидан қаради. Чин, тумори жойида бўлмади.
Кечаси ювиниб-тараниб эди. Ана шунда туморини жойига тақиш хаёлидан фаромуш бўлибди... Оймомо ёмон вазиятда қолди. Қўлини қўлтиғига қўйиб ўтира берди.
— Ана, кўрдингми, айнам? — деди Ҳожар кўр.— Ҳожар кўр билади, ҳа, кўзи кўр бўлсаям, Ҳожар кўр билади! Ҳожар кўр одамзот ичидагиниям кўради, Ҳожар кўр одамзот ичидагиниям билади!
Оймомо ҳаминқадар лол бўлди. Ерга қараб ўтира берди.
— Ҳай, анави михдаги доирани олиб бериб юбор, айнам!
Оймомо деворда осиғлиқ доирани олиб келиб берди.
Шунда, Ҳожар кўр доирани эмас, Оймомо билагини олди. Кўктомирини ушлаб кўрди. Уч-тўрт нафас ушлаб турди.
Шундан кейин, доирани олди. Жойлашиброқ ўтирди. Доира ипидан бошмалдоғини ўтказди. Бармоқларини туфлаб ҳўллади. Доирани силкиб-силкиб чала кетди, айтиб-айтиб чала кетди:
— Ҳай, азизлар, авлиёлар, анбиёлар!.. Қўлингдан бермасанг, йўлингдан бер, йўлингдан бермасанг, сўзингдан бер!.. Мағрибдан десаммикин?.. Машриқдан десаммикин?.. Фолинг келмаяпти, айнам, нима бало, қариб қолдимми дейман!..
Ҳожар кўр доира ҳалқачаларини шилдиратиб-шилдиратиб чала кетди, айтиб-айтиб чала кетди: — А-у-уф!.. Фолинг ана энди келаяпти, айнам! Астағфурилло, ўзингга шукур-е! Айнам-ов, мендан ўпкалаб юрмагин тағин, бари айб ўзингда, ҳа, ўз ичингда!.. Тақдир-пешона экан-да, айнам!..
Оймомо бош ирғади. Фолчига аталмиш пулини берди.
Миқ этмайин ташқарилади. Миқ этмайин эрига мингашди.
Йўда эри белидан қучиб йиғлади. Эри елкасига юзларини босиб йиғлади. Пиқ-пиқ йиғлади! Қоплон нима гаплигини фаҳмлади. Отини оҳисталатди.
— Э-е-е, момоси, — деди. — Шунга-да пиқ-пиқми? Нима, Ҳожар кўринг ичингга кириб чиқиб эдими? Ҳожар кўринг нимани билади? Ўз оти ўзи билан кўр-да! Фолчига ишонма, сувга суянма!..
12
Оламда Оймомо учун бор-йўғи битта савол бўлди... Савол бергувчи одам-да биров бўлди. Савол тил билан эмас, боқиш билан айтилди:
«Eнди нима қиламиз, момоси?»
Саволга жавоб бергувчи-да биров — ўзи бўлди.
— Сўфи Оллоёр бовани зиёрат қилиб келайлик. Ким билади, ўша киши оғриндиларми... —
26