Олтинчи боб
Олтинчи боб
Эртасига, Ажимурот мактабдан келгач, акаси билан далага, ўтин олиб келишга жўнади.
Ажимуротга эшаги Қораёлни эгарлашди. Унинг эгарига арқон, ўроқ ва қўлқопларни боғлашди.
Итлари Оқтошни ҳам ўзлари билан бирга олишди. Ит жон деб уларга эргашди. Ажимурот,
кичиклиги учун эгарга минди, акаси эса эшакни ниқталаб ёнида кетди. Эшак пгундай бир
жониворки, ниқталамасанг, юрмайди. Йўл эса олис. Султонмурот қуруқ шох-шаббага бой бир
жойни биларди. У жой узоқда. Туюқжар дарасида эди. Баҳор ва ёзда дарага ҳар томондан қор
сувлари, айниқса, ёмғир сувлари оқиб келарди. Айқириб оқаётган сел оқими, момақалдироқлар
гумбурлашидан дара даҳшатга тушар, кузга келиб эса пояси қаттиқ ўтлар чангалзорда одам
бўйича ўсиб қоларди. У ерга одам кам борарди-ю, лекин қуруқ қайтмасди.
Атрофдаги ҳамма кўрай териб олинганди. Энди Туюқжарга йўл олиш керак. Султонмурот
онасини Оқсойга кетгунича ўтин-чўпни ғамлаб бераман, деб ишонтириб қўйганди.
Аввалига Султонмурот ҳар хил фикрлар оғушида паришонхотир борар ва эзма укасининг
саволларига истар-истамас жавоб бериб қўярди. Ўйлайман деса ўй кўп. Қўшчиларнинг Оқсойга
жўнаш пайти яқин. Бунга саноқли кунлар қолди. Жўнашдан олдин доимо кўп нарса
қилинмагани сезилиб қолади. Айниқса, майда-чуйда ишлар. Оқсойда, керак бўлиб қолганда,
михни ҳам топиб бўлмайди ахир. Яхшиям, раис Тиналиев уларникига кириб ўтди. Онасининг
соғлиги, десант командирининг ишлари қандай эканлигини кўришга келибди. Ўзи ҳам баъзи
нарсаларни — шудгор пайти жой масаласи, ўтовлар ўрнатилиши ва озиқ-овқатни ташиш қандай
ташкил қилиниши, ҳаммаси ҳақида гапирди, айниқса, онаси билан гаплашгани яхши бўлди.
Кейинги пайтларда касаллик ва отасидан хат келмаётгани туфайли онасининг асаби бузилган
эди. Онаси раис билан тортиша-тортиша: «Бу гўдакларни қаёққа жўнатяпсизлар ? Чўлда нобуд
бўлишади-ку улар. Ўғлимни жўнатмайман, — деди. — Ўзим касалман. Қолган болалар ҳали ёш
бўлса. Эримдан хат-хабар йўқ. Уйда эса пичан, ўтин йўқ». Раис эса озроқ пичан берамиз, бошқа
илож йўқ, баҳорги шудгор яқин, деди. Ўтин ҳақида эса ҳеч нима ваъда қилмади. Ҳатто оқариб
кетиб, ҳалқумидан бир нарса уни қисгандай деди: «Чўлдаги болаларга келсак, бекорга
ташвишланяпсиз. Юрагимдан ҳис қилиб турган бўлсам ҳам сўзларингизга эътибор ҳам
бермайман. Бу, ахир, фронт топшириғи-ку. Шундай экан, хоҳлайсанми йўқми, сўзсиз бажариш
шарт. Мана, масалан, эрларингиз ҳужум олдидан уйни эслаб у йўқ-бу йўқ, уй иситилмаган,
болаларнинг қоринлари оч, атакага бориб нима қиламиз, деб йиғлаб қолишса нима бўларди?
Уруш пайти бунақа нарсани ким-кимга йўл қўярди? Бизлар учун эса Оқсой — бу бизнинг
ҳужумимиз. Ўша ҳужумга биз охирги кучимиз — мактаб ёшидаги болалар билан боряпмиз.
Бошқа одамлар йўқ».
Мана шундай суҳбат бўлди. Султонмурот онасига ҳам, раис Тиналиевга ҳам ачинади. Уни
ҳам тушуниш керак, бу ишни турмушнинг яхшилигидан қилаётгани йўқ. У Султонмуротнинг
тезроқ ишга чиқишини илтимос қилди. Вақт жуда ғанимат, деди. Онангнинг аҳволи сал
енгиллашгач, бир минут ҳам вақтни ўтказмай тезроқ ишга кириш...
Кечаги кундан бошлаб онаси ўзини бир оз яхши ҳис эта бошлаб, уйда у-бу нарсаларга урина
бошлади. Энди унинг отларга, болалар ёнига қайтиши мумкин эди. Бироқ ер тагидан бўлса-да,
ўтин топиш керак бўлиб қолди. Оилани оловсиз, ўтинсиз қолдириб бўлмайди...
Эрта баҳор куни эди. Илиқ туш пайти. На қиш, на баҳорга ўхшайди. Кучларнинг осуда
келишуви. Атроф яйдоқ, топ-тоза ва жимжит. Ҳар жой-ҳар жойда қори эриб улгурмаган кенг
ялангликлар қорайиб турибди. Шаффоф ҳавода қорли тоғлар салобати узоқ-узоқлардан кўзни
қамаштиргудай оқариб кўринади. Атрофда бепоён ер ястаниб ётибди. У инсон парваришига
муҳтож!
Султонмурот тўхтади. У ердан, ғарбдан, адирлар қўйнидан Улуғ Манас тоғи этагидаги
Оқсой дарасини топишга уринди. Бироқ ўша Оқсой деб аталмиш жой-да у ҳеч нарсани
кўролмади. Фақат кенглик ва ёруғлик... Ана шу томонга бир неча кун йўл юриб боришлари
керак. У ёкда қандай бўларкин?' Уларни у ёқда нималар кутаётибди? Аъзойи-баданини
хавотирли бир совуқлик жимирлатиб ўтди.
Лекин кун ажойиб эди. Ажимурот эса қувончдан, озод кундан, акаси ёнидалиги ва вафодор
итлари атрофларида югураётгани, бутун бир дунёда эркин эканликлари, уйларига ўтин олиб
келишга бораётганларидан хурсанд бўлиб эсини йўқотаёзди. Ўзи бўлса эшак устида. Ингичка
товуши билан ҳар хил қўшиқларни, урушдан олдингиларини ҳам айтиб борарди:
Команда бер, маршаллар,
Бизлар жангга кирамиз.
Душман
анча бўлсаям,
аммасини
ирамиз.
Эҳ, тентаквой! Эси паст гўдак... Аммо Ажимуротнинг ҳеч нарса билан иши йўқ. У борлиқни
унутиб куйлашда давом этарди:
Бир, икки, уч,
Бизлардадир куч!..
Султонмуротнинг ҳам кўнгли ёришди. Эшакка миниб олган ботирга қараш кулгили эди.
Ўтган йилги ғарам ёнидан ўтишаётганларида беихтиёр жим бўлиб қолишди. Бу овлоқ жойда,
тўкилиб-сочилиб ётган похол ғарамлари оғушида баҳор нафаси уфурарди. Атроф жимжит.
Бурноғи йили ҳосилни ўриб-янчиб олишлари билан бу ерларда ҳамма нарса жимиб қолган. У
ердан ҳўл, чирик сомоннинг, тугаб бўлган ёзнинг ҳиди анқийди. Ариқ ичида теграси йўқ
ғилдирак ётарди. Янчилган буғдой пояларидан қилинган чайла ҳамон сақланиб қолган.
Хирмончилар тушликда шу чайлада дам олишарди. Офтобрўя жойда, хирмоннинг ўртасида,
буғдой чори уйилган жойда қолиб кетган донлардан қалин майсалар кўкара бошлабди.
Оқтош ғарам ичида ниманидир ҳидини олиб у ёқ-бу ёққа югуриб ёввойи каптарларни
чўчитарди. Улар оқариб кетган сомонлар осилиб қолган жарликлар остидан парр этиб
кўтарилади. Каптарлар бу ерларда қиш бўйи донлаб юришарди. Улар дала тепасида зич ҳолда
гир айланишиб шиддатли ва шодон парвоз қилишади. Оқтош уларнинг ортидан югуриб ювош
ҳурганича яна чопиб кетар эди. Ажимурот ҳам бақириб-чақириб каптарларни қўрқитди-ю, тезда
уларни унутди. Султонмурот эса қушларни узоқ кузата бошлади. Қуёшда садаф бўлиб
товланаётган қанотларига боқиб, уларнинг енгил парвозини завқ билан томоша қилди ва бир
маҳал галадан бир жуфт каптар ажралиб чиқиб ёнма-ён учиб бораётганини кўриб қолиб,
армияга кетган ёш математика ўқитувчиси ёдига тушди:
О
каптар сен кўкдаги,
Мен туйғун
уш тўпдаги.
Бирга бўлсак о,
ани,
Холамасман бош
ани...
Бўзачиникидан чиқиб кетишгач, ўқитувчининг хиёл кайфи ошди. У бричкада овулдан чиқиб
кетаётиб, ўзининг мовий осмонда учиб бораётган ошиқ кўк кабутар эканлигини, ёрнинг эса
ёнма-ён учиб бораётган мода кабутар эканлигини узоқ куйлади... Ўшанда бу қўшиқ
Султонмуротга қизиқ, салобатли ўқитувчи эса бирдан шунчалик кулгили бўлиб кўринган эди.
Ҳозир эса узоқлашиб бораётган бир жуфт ёввойи кабутарларни кузатиб қоларкан, бадани
жунжикиб қотиб қолди. Математика ўқитувчисининг бу қўшиғи шу дамда унга кучли таъсир
этди. Болага ўша кўкда учиб юрган кабутар, ўзи ёнма-ён учаётган, ҳув ёнидаги эса Мирзагул
бўлиб кўриниб, ҳозироқ қиз ёнида бўлиш истаги уни қамраб олди-да, худди қиш даласи
тепасида ҳосил қилиб учаётган мана шу кабутарлардай парвоз қилгиси келиб кетди. Унга ёзган
мактубини эсларкан, кабутар ҳақидаги, «Оқ кабутар» қўшиғидаги сўзларни ҳам хатга қўшиб
ёзишга қарор қилди... Ҳамма гап энди хатни унга қандай етказишда эди. Мирзагул болаларнинг
олдида ҳеч қачон ундан хат олмаслигини билади. Ҳатто, танаффус пайтлари ҳам ундан ўзини
олиб қочиб юради-ку. Энди бўлса Султонмурот мактабга ҳам бормайди. Қизнинг уйига бориб
бўлма-са, ота-онаси қаттиққўл... Борганида ҳам нима дейди, қандай тушунтиради? Нега бир
овулда яшаб туриб хат бериш керак экан, дейишмайдими.
Бироқ у қиз ҳақида ўйлагани сари унинг ўйлаётганини қиз билишини шунча кўп истар эди.
Буни унинг билиши фавқулодда жуда ҳам муҳим эди.
Йўл бўйи у ҳали қиз ҳақида, ҳали Оқсойга жўнашлари, ҳали фронтдаги отаси ҳақида ўйлаб
борди ва қандай қилиб Туюқжар дарасига етиб келганларини сезмай қолди. Бу ерга улардан
олдин кимдир келиб, қалин кўрайнинг бир чеккасини ўриб кетибди. Бироқ музлаб қолган сой
атрофидаги жарликда ва маймунжийданинг тиканли чакалаги ичидаги кўрайзорлар ҳам етарли
эди. Кўрайни қандай ўришни эмас, балки қандай олиб кетиш ғамини ейишга тўғри келди. Кўп
ўйланиб ўтирмай ишга киришишди. Эшаклари Қораёлни қор остидан қулоқ чиқарган ўтган
йилги майсаларни ўтлашга қўйиб юборишди. Оқтошга қаровнинг кераги йўқ, ўз ҳолича дарада,
худо билади, кимни ва нималарни искаб юрибди. Ака-ука ғайрат қилиб ишлашди. Шохшаббани ўроқ билан ўришиб, кейин кесилган новдаларнинг ҳаммасини дастлаб боғлаш учун
бир жойга тахлашди. Улар жимгина ишлашарди.
Тезда терлаб кетишиб, қўйтери пўстинларини ечиб қўйишди. Кўрай қалин, йўғон ўсган
бўлса, ўроқ билан ўриш хўп завқли. Овул атрофида бунақасини топиб бўлмайди. У ёкда нима
қилсин? Бу ерда эса даста-даста қилиб ўриб олишнинг ўзи мароқли. Кўрай чаноғида шиқирлаб,
қўзоғидаги уруғлари қорга тўкилади. Худди ёздаги, август ойидаги сингари аччиқ чанг ҳиди
димоққа уради. Қадни ростламоқ маҳол. Аммо бу ернинг кўрайи жуда зўр, қўри роса кучли
бўлади. Онаси, сингиллари қувонадиган бўлишди-да. Уйда печка яхши ёнса, кайфият ҳам яхши
бўлади.
Улар анча иш қилиб қўйишган, энди дам оламиз, деб туришганида Оқтош бирдан жонжаҳди билан ҳуриб қолди. Султонмурот бошини кўтариб ўроқни силкитиб бақириб юборди: —
Ажимурот, қара, тулки!
Дарадан қиш бўйи қотиб қолган ерда итдан қўрқиб кетган тулки олдинда гоҳ тўхтаб, гоҳ
ортига қараганча чопиб борарди. Тулки гўё қор устида сирпаниб ке-таётгандай бемалол, эркин
чопиб борарди. У анчагина катта, қулоқлари диккайган, бели кўкимтир-қизил рангли ва,
шунингдек, узун думи ҳам кўкимтир-қизил тусда эди. Оқтош уни жон-жаҳди билан таъқиб этар,
бироқ ўлжасига қанчалик кўп интилмасин, шунчалик кўп қорга ботиб қоларди.
— Ушла уни! Ушла! — бақирди Ажимурот ва улар ўроқларини силкитиб тулкининг йўлини
кесиб чиқишди.
Қаршидан югуриб келаётган одамларни кўрган тулки бирдан ортига қайрилиб, тиканли
буталар орқасига ўтиб кетди ва Оқтош унинг эски изидан чопиб ёнидан ўтгач, тулки яна
тескари томонга қараб қочди. Албатта, тулки ўз кушандасини бемалол адаштириб қутулиб
кетиши мумкин эди, бироқ ҳамма бало шунда эдики, у жар лабига келиб қолган эди, худди
қопга тушиб қолгандай, жар ёқасининг бу ери тик, ўтиб бўлмас девордай эди. Ҳеч қаёққа қочиб
қутулиш мумкин эмасдай эди. Мана бу тўполончи, тиниб-тинчимас ит бўлмаганида тулки
маймунжийда орасига яшириниб оларди, қани, уни қалин тиканзорлар ичидан биров топиб
кўрсинчи. Лекин ит ҳали нодон, жайдари ит бўлишига қарамай чидамли ва қафиятли чиқиб
қолди. Унинг ҳуриши бир минут ҳам тўхтамади, тулкини даҳшатга солган ҳам ана шу итнинг
ҳуриши бўдди.
Ака-ука эса кутилмаган ҳодисага берилиб, терлаб-пишиб, қизишиб, ўз овозларидан ва
таъқиб завқидан қулоқлари битиб энгашганларича унинг орқасидан югуришарди. Тулки ё
итнинг қўлига тушиши, ёки жардан чиқиб кетиш учун одамларнинг ёнидан ўтиши керак эди.
Тулки одамлардан қочиш ўрнига, ўгирилиб қара-ганча, улар томон юзма-юз юра бошлади.
Кутилмаган ҳодисадан болалар тўхтаб қолишди. Тулки орқадан изма-из таъқиб қилиб,
қияликлардан тез-тез йиқилиб, суриниб, ҳаллослаб келаётган Оқтошнинг ҳолини кўриб жар
пастидаги қор уюми томон деярли шошилмай борарди. Бечора Оқтош акиллаб чопаверишдан
гангиб қолган эди. Тулки қалин қор бўйлаб гир айлантириб уни роса аҳмоқ қилаётганини ит
сезмас эди.
Ҳа, ака-укалар ҳам унчалик сезгир эмасди. Иккови ҳам югуриб келаётган мўжизани кўриб
қотиб қолишди. Чопаётганида тулки шунчалик чиройли эди-ки, худди оқим бўйлаб сузаётган
қайиққа ўхшарди.
Тулки уларнинг ўртасидан ўтишга, ҳеч кимнинг ранжимаслиги учун қоқ ўртадан йўл
солишга шайланди. Бироқ у шундан кейин сал чапрокдан, Султонмуротдан бир-икки қадам
наридан ўтиб кетди. Мана шу қисқа дақиқаларда у тулкини бошдан оёқ, худди тушдаги каби ўз
кўзларига ишониб-ишонмай томоша қилди. Шиддат билан бошини тик тутиб, тулки унинг
ёнидан ўтиб бораркан, қоп-қора порлаб турган кўзлари билан унга бокди. Султонмурот бу
акдли ҳайвон нигоҳидан ҳайратланишга улгурди. Тулки унинг хаёлида мана шу тахлитда
бошини ва худди шунингдек, момиқ думини кўтарганча оқиш қорни, қора илдам панжалари ва
ақлли, ҳамма нарсани сезувчи нигоҳи билан қолган эди... У Султонмурот ўзига тегмаслигини
билган эди.
Ажимурот ўроғини тулкига отиб қичқирганидагина у ўзига келди:
— Ур уни! Ур!
Султонмурот уни уришга улгурмай тулки кўрай орқасига ўтиб кетди. Ортидан Оқтош қувиб
кетди ва улар ҳам жар бўйлаб пастга қараб чопишди.
— Ёпирай! — дея олди Султонмурот. Ака-укалар югуришди-югуришдида, кейин тўхтаб
қолишди.
Тулки изсиз йўқолган эди. Фақат гоҳ у ер, гоҳ бу ерда Оқтош ҳурарди.
— Эҳ, сени қара-ю, — деди кейин Ажимурот. — Шундай тулкини қўлдан чиқардинг-а.
Ҳатто қўлингни қимирлатмай қаққайиб турибсан-а.
Султонмурот нима дейишини ҳам билмасди. Укаси ҳақ эди.
— Нима қиласан уни? — минғирлаб қўйди у.
— Нима қиласан? — укаси айтмоқчи бўлган гапини тушунтириб ўтирмай қўл силтади.
Кейин улар ўрилган шох-шаббаларни жимгина бир жойга йиға бошлашди. Боғламларни
каттароқ қилиш учун яна бироз ўришлари керак эди. Шу пайтдагина Ажимурот хафа бўлиб
деди:
— Нима қиласан, нима қиласан, дейсан! Отамга Нурғози тоғамникига ўхшаган тулки тумоқ
тикар эдик, сен бўлсанг қаққайиб турибсан!
Султонмурот эсанкираб қолди: мана, демак, укаси тулкини қувганда ниманинг ғамини еган
экан. Энди эса отасини Нурғози тоғаники каби момиқ тумоқда тасаввур қилиб кўриб, ҳақиқатан
ҳам мана шундай чиройли тулкини тутолмаганига ачинди. Отасига шунақа телпак жуда ярашар
эди-да. Султонмуротнинг ўйларини Ажимуротнинг пиқиллаб йиғлаган овози бўлди. Укаси шохшабба боғламлари устига ўтириб олганча астойдил йиғларди.
— Нима бўлди? Сенга нима бўлди? — унга яқинлашди Султонмурот.
— Ҳеч нарса, — деди у йиғламсираб. Султонмурот қайта суриштириб ўтирмади. Яқинда
Нурғози тоғаси келганида Ажимуротнинг йиғлаганини эслаб, дарров тушунди. Болакай
отасини соғиниб йиғлаяпти. Тулки ва тулки тумоқ бунга бир туртки бўлди, холос...
Султонмурот укасига қандай ёрдам беришни билмасди. Унинг ўзи ҳам маъюс тортиб қолди.
Укасига меҳр-шафқат ҳамда изтироб билан яқинлашаркан, у қалбидаги ноёб туйғуларини унга
айтишга қарор қилди.
— Йиғлама, Ажике, — деди унинг ёнига ўтираркан. — Йиғламагин. Биласанми, отам қайтиб
келгач, мен уйланмоқчиман.
Ажимурот йиғидан тўхтаб унга ҳайратланиб тики-либ қолди:
— Уйланаман?
— Ҳа, агар сен бир ишда менга ёрдам берсанг.
— Қанақа иш? — дарров қизиқсинди Ажимурот.
— Фақат бировга чурқ этиб оғиз очмайсан!
— Ҳеч кимга! Ҳеч кимга айтмайман!
Энди Султонмурот иккилана бошлади. Айтсинми ё айтмасинми?.. У ўзини йўқотиб, ўйланиб
қолди. Ажимурот эса тиқилинч қила бошлади:
— Қани айтчи, қанақа иш? Айта қол, — Султон. Чин сўзим, ҳеч кимга оғиз оча кўрмайман.
Султонмурот терга ботганча укасининг юзига қарамай, қийналиб шундай деди:
— Мактабга, хатни бир қизга элтиб бериш керак.
— Хат қани, қанақа хат ўзи? — Ажимурот дарҳол акасига яқин сурилди.
— Кейин кўрсатаман. Хат бу ерда эмас.
— Қаерда?
— Қаерда бўлса ўша ерда. Кейин кўрасан.
— Кимга, қайси қизга?
— Уни биласан. Кейин айтаман.
— Ҳозир айта қол!
— Йўқ, кейин.
Ажимурот тиқилинч қилиб туриб олди. Уни тинчитиб бўлмасди. Султонмурот оғир
хўрсиниб дудуқланганча айтишга мажбур бўлди:
— Бу... бу... хатни Мирзагулга обориб берасан.
— Қайси Мирзагулга? Ўзларингнинг синфларингдаги қизгами?
— Ҳа.
— Ур-ей! — қувонганиданми ё шўхлиги тутибми, бақириб юборди укаси. — Мен уни
танийман, у ўзини жуда гўзал ҳисоблаб юради! Ўзидан паст синфдагилар билан гаплашгиси
келмайди!
— Нега бақирасан? — аччиқланди Султонмурот.
— Хўп, хўп! Бақирмайман! Сен уни яхши кўрасанми? Худди Ойчурек ва Семетей2
мисанлар,
шунақами?
— Жим бўл! — бақирди Султонмурот.
— Нима қипти? Гапириб бўлмайдими? — унинг жиғига тегарди Ажимурот.
— Бор, бор, бақиравер, ҳув тоғларга чиқиб олгин-у, бутун дунёга жар сол!
— Чиқиб жар соламан! Сен ўша Мирзагулни севасан! Биламан! Биламан! Севасан...
Укасининг сурбетлиги акасининг жаҳлини чиқариб юборди. Султонмурот унинг орқасига
яхшигина тушириб қолди. Укаси дарров букчайиб олганча бутун дарани бошига кўтариб йиғлай
бошлади:
— Отам фронтдалигида мени уряпсанми? Шошмай тур! Шошмай тур! Ҳали жавобини
берасан! — У бор овози билан бақириб йиғлай бошлади.
Энди уни юпатиш керак эди. Дардисар-ей! Улар ярашиб олишгач, Ажимурот ҳамон
энтикиб, хўрсиниб, мушти билан юзидаги ёшларини арта-арта деди:
— Қўрқма, ҳеч кимга, ҳатто онамга ҳам айтмайман. Ўзинг-ку, дарров уришга тушдинг...
Хатни обориб бераман. Энди айтмоқчи бўлиб турувдим-у уриб қолдингда... Бир четга чақириб,
танаффусда бераман. Сен эса бунинг эвазига отам фронтдан қайтиб стансияга келганида, ҳамма
уни кутиб олишга шошилганида, мени ҳам бирга олиб борасан. Иккаламиз Чопдорга миниб,
уни елдирганча ҳаммадан олдин етиб борамиз. Сен-у мен. Чопдор ахир сеники-ку энди. Сен
олдинда, мен орқангга мингашиб чоптириб кетамиз. Чопдорни дарров отамизга бериб, ўзимиз
ёнма-ён югурамиз, онам, бошқа ҳамма одамлар эса бизни кутгани пешвоз чиқишади...
Унинг шу тахлит эзилиб, маъюс, ёлвориб гапириши Султонмуротни шундай эзиб юбордики,
2
«Манас» эпоси қаҳрамонлари
ўзиниям йиғлаб юборишига сал қолди. Қизиққонлик қилган экан, энди эса болакайни урганига
роса афсусланди.
— Хўп, Ажике, йиғлама энди... Икковимиз Чопдорда чопиб борамиз, фақат отамиз омон
қайтса бўлгани...
Ўрилган ҳамма кўрайни тўплаб боғлаганларида учта каттагина боғлам бўлди. Султонмурот
ўтинни боғлашга уста эди. Аввалига уюмлар уларнинг кўзига худди тоғдай салобатли кўриниб,
ҳатто олиб кетолмаймиз, деб ҳам қўрқишганди. Кейин эса арқон усталик билан ишга солингач,
уюм аввалгисидан уч марта кичрайди. Яхши тортилган боғлам елкада маҳкам ва текис туради,
олиб кетиш ҳам қулай. Бунисини улар иккита боғлам қилишди. Ахир Қораёлни мана шунинг
учун ҳам олиб келишганда. Битта қўшимча боғламни Султонмурот ўзи кўтариб кетмоқчи
бўлди. Йўл узоқ эди, аммо уйга бир йўла кўпроқ ўтин олиб борган яхши. Шундай кўрайни
қолдириб кетиб ҳам бўлмайди. Туюқжар дарасидан антиқа шох-шабба йиғишдида, ўзлариям.
Қораёлнинг устига ўтинни шундай ортишдики, қулоғиям, думи ҳам кўринмай қолди.
Ажимурот тизгиндан тутиб етаклади. Унинг ортидан Султонмурот ўтин боғламининг
оғирлигидан эгилиб изма-из жўнади. Боғлам елкага алоҳида усулда: арқон чап қўлтикдан
туширилиб кўкраги орқали ўнг елкага тортиб ўтказилган, гарданнинг ўнг томонидан арқонга
илмоқ солиниб боғланган бўлиши ва юк ташувчи илмоқнинг учидан ушлаб олиши керак эди.
Бундай ҳолда ўтинни кўтариб бораётган одам боғлам тугунининг бўшаб қолган жойини йўлйўлакай тортиб олиши мумкин.
Улар шундай, олдинда Қораёлнинг тизгинидан тутиб олган Ажимурот, орқада елкасида юки
билан Султонмурот, уларнинг ортидан эса ҳолдан тойиб судралганча Оқтош келарди.
Кўрай олиб кетаётганда узоқ вақт дам олмай юриш керак. Биринчи довондан ўтгач, босиб
ўтиладиган йўлларнинг оралиғи қисқаради, иккинчи довон биринчисининг ярмига, учинчиси
иккинчисининг ярмига камайиб бораверади. Султонмурот буни яхши биларди, шунинг учун
ҳам кучини тежаб бир маромда, оёқларини кенг ёйиб қадам босарди. Энди у атрофда ҳеч
нимани кўрмас, фақат олдинга, оёқлари остига қараб борарди. Боғламни кўтариб
кетаётганингда узоқ вақт чарчаб қолмаслик ва тез-тез дам олмаслик учун, яхшиси, бирор нарса
ҳақида ўйлаш керак.
У эртага эрталабдан отхонага қандай бориши ва яна десант командири вазифаларини
бажаришга киришиши ҳақида ўйлаб борарди. Шошилиш керак. Оқсойга жўнаш учун саноқли
кунлар қолди. Яхшилаб парваришланган отлар қадларини анча тутиб олишди. Плуглар ҳам,
унинг запас қисмлари ҳам эгар-у жабдуқлар шай қилиб қўйилди-ю, аммо барибир, далага
чиқиш биланоқ нимадир етишмаслиги аниқланади, мири кам дунё деганлар. Бу бригадир
Чекишнинг сўзлари эди. У шундоқ деганди: кўз — қўрқоқ, қўл — ботир, далага қўрқмай чиқиш
керак, иш давомида қолганлари аниқланаверади, ҳаммаси бирдан бўлмайди-ку ахир.
Султонмурот қандай қилиб онасининг меҳнатини енгиллатишни ўйларди. Онасининг
жудаям тинка-мадори қуриди. Фермада сигир соғади, молларга қарайди, яна уйда тиним йўқ.
Ҳаммасига балогардон ўзи. Пишир-куйдир, кир юв... Қизлари бўлса ҳали ёш, Ажимуротнинг
ҳам ҳали қўлидан бир иш келмайди. Ўзи бўлса оилага бегонадай бўлиб қолган, бугун-эрта
Оқсойга жўнайди, ким билсин, шу билан қачон қайтади. Қанча ерни ҳайдаб шудгор қилиш,
бороналаш керак... Унда эса бор-йўғи бешта улов бор. Қолган от-улов ва плугларнинг ҳаммаси
эски ерларда ишлатилади. У ерларда иш яна ҳам кўпроқ. Бироқ бу ерлар ҳарҳолда овулга яқин.
Бирор нима бўлса, хотинлар чопиққа тушишади. Эркаклар қиладиган иш аёллар зиммасига
тушган. Энди улар бел баравар ариқлар қазишяпти, далаларга сув тарашяпти, тўғонлар
қуришяпти...
Нима қилиб, қандай қилиб онасининг юмушини енгиллатса экан-а? Ўйлаб ўйминг охирига
етолмасди...
Аммо ҳаммадан кўра у эртага хатни бериши ҳақида, фақат «Оқ кабутар» қўшиғи сўзларини
Чингиз Айтматов. Эрта қайтган турналар (қисса)
www.ziyouz.com kutubxonasi 36
қўшиб қўйиши кераклиги тўғрисида ўйларди. Мирзагул унинг хатини ўқиётгани, ўқиб
нималарни ўйлаётганини тасаввур қилишга уринди. Эҳ, севги ҳақида хат ёзиш шундай қийин
эканки! Нимани изҳор этишни истаган бўлсанг тамом акси бўлиб чиқар экан. Ҳеч қандай қоғоз
юракдаги туйғуларни ўзига сингдиролмас экан. Қизиқ, нима дер экан у? У ҳам жавоб хати
ёзиши керак. Бошқа нима ҳам қиларди? Қиз унинг севгисига қандай қараркин? Унинг рози ёки
норози эканлигини Султонмурот қаёқдан билсайкин? Ҳамма гап шунда. Агар қиз унинг
севгисини рад этса нима бўлади?.. Унда нима қилади?..
Туюқжар аллақачон ортда қолиб кетди. Ботаётган қуёш энди унинг фақат бир томонидагина
нур сочиб турарди. Замин ҳамон ўша қиш сукунати ва салобати-ни сақлаб ётарди. Одатда бўрон
олдидан бор нарсани қўпориб парчалаб ташлаш учун шундай сокинлик, осойишталик ҳукм
суради. Бунақа пайтларда ёвуз кучларни қайтариш учун «Яхшиликка кўринсин!» деб қўйиш
керак. Бу баъзида ёрдам беради. «Яхшиликка кўринсин!» — деб қўйди ичида Султонмурот
олдинги биринчи манзил учун қулай жойни кўздан кечираркан.
Шундай жой танлаш керакки, сўнгра қийналмай оёққа туриш керак бўлсин. Кўрай олиб
кетаётган одам аввал боғламга елкасини қўйиб тебранганча туришга чоғланади, чоғланганда
ҳам боғлам билан биргаликда тебраниб секин орқалаб олади. Агар ортиқча куч билан турмоқчи
бўлса, боғлам боши устига сурилиб кетиб бақадай ялпайиб қолиши мумкин: тебрана туриб
тиззалаш керак, кейин оёққа туриб олгач, «Ё пирим!» деб, иложи борича қад ростлаб олинади.
Аввал яхшилаб нафас олиш керак бўлади.
Султонмурот боғлам устида чалқанча ётиб, бир дақиқа кўзларини юмди. Эҳ, арқонни
кўкракка ташлаб ётиш қандай яхши-я! У кейинги манзил қаерда бўлишини чамалаганча оғир
йўл азобидан кейин маза қилиб чалқанчасига чўзилган эди. Шундай ҳолда қандай қилиб фақат
қизни ўйлоляпти-я?
— Фақат жавобни кечиктирмай ёзгин, эшитяпсанми? — унсиз пичирлади ўз-ўзича
жилмайганча. Сўнг атрофга қулоқ тутди.
Ғира-шира қоронғилик чўкаётган бу оқшомда атроф улуғвор ва ажиб бир сукунат қўйнида
эди.