Ўн учинчи боб
Чопдор жойида турарди, Султонмурот ўтовдан чиқа солиб, Чопдорга минди-да, атрофга
аланглаб қичқирди:
— Онатой, овулга чоп! Имилламай югур! Одамларимизни чақир! Мен уларни алаҳситиб
тураман! Уларга етиб оламан! Фақат сен тезроқ бўл. Сен, Эркинбек, шу ердан бир қадам ҳам
силжима. Укдингми! Чоп, Онатой, чоп!..
Ўзи эса Чопдорда узоқлашиб бораётган отларнинг туёқ товушларини тусмоллаб ўғрилар
томон елиб кетди.
Тезроқ, тезроқ, Чопдор, оғажоним, олға, уларни қувиб ет! Мен йиқилиб тушмайман, майиб
ҳам бўлмайман! Мен учун хавотирланма. Олға, Чопдор! Агар ўлсак бирга ўламиз, фақат тезроқ
чоп, тезроқ, тун қоронғи, тушунаман. Қўрқинчли, сенга ҳам қўрқинчли. Барибир олға боравер.
Тезроқ, тезроқ! Қани улар? Олдинда йилтираб кўринаётган нарса нима? У ёқда нимадир
қимирлаяпти, қўлдан чиқариб юбормасак бўлгани. Олға, Чопдор, олға... йиқилиб қолмагин-а,
Чопдор, йиқилма...