ЖАҲОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТАШКИЛОТИ — халқаро тиббий ташкилот; Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг ихтисослашган махсус муассасаси. 1945 й. февралда БМТ конференциясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. 1946 й. да соғлиқни сақлаш бўйича НьюЙоркда ўтказилган Халқаро конференцияда БМТга аъзо 26 та мамлакат ташкилот уставини ратификация қилгач, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тузилди (1948.7.4). Шу кун бутун дунёда сиҳат-саломатлик куни сифатида нишонланади. Ташкилот ўз олдига «ҳамма халқларнинг иложи борича соғсаломат бўлишига эришиш»ни мақсад қилиб қўйган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касалликларга қарши кураш олиб боради, уларни тугатиш тадбирларини кўради; атроф муҳит муҳофазаси, юқумли ва юқумсиз (сил, венерик ва паразитар касалликлар, юрак томир касалликлари, хавфли ўсмалар ва б.)га қарши кураш учун халқаро стандартлар белгилаш, дори моддалар сифати ва қўшимча таъсири ҳамда наркотик моддалар устидан халқаро назорат ўрнатиш; тиббиёт фанининг энг муҳим масалалари (токсикология, фармакология, атроф муҳит гигиенаси ва б.) бўйича ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги тадқиқотларни координациялаш ва уларни ўтказишга кўмаклашиш ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вазифаси. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро карантин соҳасида қатор тадбирларни амалга оширади: чечак, вабо ва б. билан касалланиш хoллари тўғрисида мамлакатларга ўз вақтида хабар беради.
Ташкилот таркибига 6 регионал ташкилот киради. Улар ҳар бирининг ўз ижроия органлари ва регионал бюролари бор. Ж. с. с. т. нинг олий органи — Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясини мамлакатлар сайлайди, унинг сессияси йил сайин чақириб турилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг марказий маъмурий органи — Секретариатга (штаб квартираси Женевада) генерал директор раҳбарлик қилади. Ташкилот маблағининг асосий манбаи унга аъзо бўлган давлатлардан тушадиган бадал пулидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти журналлар, бюллетенлар, номунтазам нашрлар чоп этади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги биносида фаолият кўрсатади (1995 й. дан).
Парахат Менлиқулов.