ГЕМОСПОРИДИОЗЛАР — уй ҳайвонларининг қизил қон таначаларида ва ретикулоэндотелиал система ҳужайраларида паразитлик қилувчи бир ҳужайрали гемпоспоридийлар қўзғатадиган касаллик. Г. билан ҳамма ҳайвонлар касалланиши мумкин. Асосан, каналар орқали юқади. Гемоспоридийлар қизил қон таначалари (эритроцитлар)да кўпайиб қонни бузади. Касал ҳайвонлар ҳарорати кўтарилади, маҳсулдорлиги пасаяди, ичи бузилади. қони камаяди, қон аралаш сияди, кўпчилик ҳолларда ўлади. Давоси: Г. билан оғриган ҳайвонларга флавакридан, сульфантрол, пироплазмин, гемоспоридин, наганин ва б. доридармонлар берилади. Олдини олиш : кўклам ва ёз ойларида каналарга қарши қўлланиладиган препаратлар воситасида ҳайвонлардаги каналар йўқотилади. Пода канали ердан бошқа жойга кўчирилади.