ЁВВОЙИ ЎРДАК

ЁВВОЙИ ЎРДАК, қизил буйин ўрдак (Anos platyrhynchus) — ўрдаклар оиласи тури. Йирик қуш, вазни 0,8 дан 2 кг гача. Европа, Осиё, Шим. Африка ва Шим. Америкада яшайди. Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган, деярли ҳамма сув ҳавзаларида кўпаяди. Учиб ўтувчи қуш, лекин кўпчилиги қишлаб ҳам қолади. Сувдан узоқ бўлмаган ҳар хил жойларга ин қуради. Апр. дан бошлаб 6 тадан 16 тагача тухум қўяди. Тухум босиши 26 кун давом этади. 60 кунда жўжалари яхши учиш қобилиятига эга бўлади. Асосан, ўсимликлар, баъзан сувдаги умурткасиз ҳайвонлар билан озикланади. Ёввойи ўрдак муҳим ов объекти ҳисобланади. Хонаки ўрдаклар шу турдан келиб чиққан.