ЁВВОЙИ ТУНЛАМ

ЁВВОЙИ ТУНЛАМ, жануб тунлами [Euxoa conspicua Hp. (Oria musculosa Hb.)] — тунламлар оиласига мансуб капалак. Қаноти ёйилганда 25—38 мм. Олдинги қанотлари тўқкулрангдан жигарранггача бўлиб, ўртасидан оч тусли йўллар ўтади, буйраксимон ҳамда думалоқ доғлари бор. Кейинги қанотлари очрангда. Тухуми очсариқ. Куртлари 30 мм ча, ним яшил товланувчи тупроқранг, кулранг. Устидан бўйлама иккита қорамтир йўл ўтган. Ғумбаги қизғиш жигарранг. Шаклланган қурти тухум ҳолида қишлайди. Суткалик ўртача ҳарорат 6—8° бўлганда қуртлари чиқа бошлайди. Тупроқнинг 5—10 см чуқурлигида ғумбакка айланади. Ғумбаклик даври 20—24 кун. Июнда учиб чиққан капалаклари бир ой ўтгач (июлда) ёзги диапаузанп кечиради ва ўртача ҳарорат 18—20° бўлганда ҳаракатга киради. Урғочилари тухумини тўп-тўп қилиб (8—130 тагача) озиқланадиган усимлиги яқинидаги тупроққа қўяди (ҳаммаси бўлиб 100— 350 гача). Йилда битта авлод ривожланади. Ўрта Осиё, Қозоғистон ва б. жойларда тарқалган. Ғўза, буғдой, жавдар, арпа, маккажўхори, беда, суданўт, оқ жўхори ва б. экинларга зарар келтиради. Кураш чоралари: бошокли бегона ўтларни йўқотиш; анғизни чуқур қайдаш, алмашлаб экишда бошоқлиларни кетмакет экмаслик; экинларга хлорофоснинг 80% ли ҳ. к. (1,5—1,8 кг/ га)ни пуркаш ёки пестицидлар дустларини чангитиш; зарарланган далаларга трихограмма тарқатиш.