ЁВВОЙИ ОЛМА

ЁВВОЙИ ОЛМА — олма авлодига мансуб ёввойи ҳолда ўсадиган олма турлари. Боғдорчиликда уруғидан пайвандтаг ва янги навларни чиқаришда селекцион материал сифатида фойдаланилади, мевасидан повидло, жем каби маҳсулотлар тайёрланади. Ўзбекистонда 10 тури учрайди. Ёввойи олманинг турлари, асосан, Тошкент вилояти (Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари)нинг тоғли зоналарида тарқалган. Асосий турлари: Ўрмон олмаси (M.silvestril Mill.) — унинг жуда кўп тур хиллари ва шакллари бор. Европа ўрмонларида тарқалган. Дарахти кам бачки чиқарадиган узун танали. Қурғоқчиликка ва совуққа чидамли, энг яхши пайвандтаг ҳисобланади. Олхўри баргли олма — китайка (M.prunifolia Borkh.) — Сибирь, Узок. Шарқ, Қозоғистон, Қирғизистонда ўсади. Совуққа чидамли. Бал. 10 м, илдизлари бақувват, меваси майда, қизғишсариқ ёки қизил. Паст бўйли олма (М. pumila Mill.) — Европа, Кавказ, Қрим, Ўрта Осиёда тарқалган. Паст бўйли дарахтининг новдалари тукли ва илдизи бакувват, бир неча турхиллари бор. Иссиқсевар, бу турга дусен ва парадизка киради. Парадизка, райка (M.paralisiaca Schn.) — пакана бутасимон дарахт. Бал. 2 м, совуққа чидамсиз. Пакана пайвандтаг сифатида экилади. Шарқ ёки Кавказ олмаси (M.orientalis Uglitz.) — Кавказда, Қрим ва Ўрта Осиёнинг тоғли минтақаларида ўсади. Совуққа чидамсиз, қурғокчиликка чидамли. Маҳаллий Кавказ навлари боғдорчиликда устириб маданийлаштирилган. Сивере олмаси (M. Siversii) — ёввойи ҳолда Ўрта Осиё тоғларида усади. Совуққа чидамлилиги ўртача, вегетатив кўпайиш хусусиятига эга. Ўрта Осиё боғларидаги олмаларнинг асосий пайвандтаги. Туркман олмаси (M.turkmenorum Jus et.pop.) — Копетдоғ тоғларида усади. Бўйи 3—5 м, илдиз бачкилари кўп бўлгани учун тез кўпаяди, тупи кичикроқ. Меваси ўртача йирик, оч яшилжигарранг (баъзан қизғиш), иссиққа чидамли. Ер ости суви юза жойларда яхши ўсади. Туркистонда «бабоараб олмаси», Хоразмда «хазорасп» ёки «хоразм олмаси» номи билан машҳур. Қизил олма ёки Недзеведский олмаси (M. Niedzwetskiana Duck.) — Тяньшанда ва Ўрта Осиёда экма ҳолда учрайди. Ёввойи турлари, асосан, Тошкент вилояти тоғларида кўп. Айрим турлари манзарали ўсимлик сифатида экилади. 19а. нинг охирига қадар Ўзбекистонда Ёввойи олманинг турхиллари экиб келинган. 19а. нинг охири — 20а. нинг 20й. ларидан чет элларда чиқарилган маданий навлар тарқала бошлади.

Султон Холназаров.