ЁСМИН

ЁСМИН, жасмин (Jasminum) — зайтундошларнинг бир туркуми. Тропик ва субтропик ўлкаларда 200 га яқин тури бор. Шулардан 2 тури доривор (J. Offi cinall — Грузияда ва J. fruticans — Копетдоғда) ёввойи ҳолда ўсади. Абхазияда йирик гулли Ёсмин (Jasminum grandifl orum L.) экилади, гулидан парфюмерия саноатида қимматли эфир мойи олинади (янги терилган гулида 0,1% гача эфир мойи бор), чойга хушбўй ҳид бериш учун ишлатилади. Ўзбекистонда Ёсмин (J. fruticans) манзарали ўсимлик сифатида (1,2×0,75 ёки 1×1 м схемада) экилади. Ёсмин экилган майдонлардан 20—25 йил гул олиш мумкин. Бўйи 100—150 см, барглари оддий ёки 3 бўлакли, устки баргчалари кураксимон. Косачаси қўнғир, бигизсимон, узун бўлакларга бўлинган. Гули сариқ. Май ойида қийғос гуллайди.