ЁРМАТ МАХСУМ (тахм. 1882 — 1929) — Фарғона водийсида мустабид совет режими ва босқинчи қизил армияга қарши курашган истиқлолчиларнинг сўнгги бош қўмондони (1923—29). Уламо оиласида туғилиб, ёшлигида мукаммал диний тарбия олган. Ёрмат махсум 1920 й. дан бошлаб қизил армияга қарши жангларда қатнашиб, моҳир қўрбоши сифатида ном чиқарди. КўпроқЎш уездида Олай воҳасида ҳаракат қилган. 1923 й. 17 июлда Олтиариқдаги Шункмозор қишлоғида бўлган Фарғона водийси қўрбошиларининг қурултойида у Фарғона истиқлолчиларининг бош қўмондони этиб сайланди. Унга амир лашкарбоши унвони берилди. Аҳмад полвон, Қорабой, Умар Али, Мама Рўзи каби қўрбошилар ва укаси Ҳожи понсод унинг энг яқин ёрдамчилари эди. Ёрмат махсум мураккаб бир даврда истиклолчиларга раҳбарлик қилди. 1923 й. авг. да Сўх қишлоғида бўлган қурултойдан кейин у ўз ҳарбий кучларини 2 қисмга ажратиб, бирини Сўхда қолдиради, иккинчи қисмини эса Олай воҳасига жўнатади. Ёрмат махсум 1924 й. да бўлган жангларда асосий кучлардан ажралса ҳам, у 1925—29 й. ларда Марғилон, Қўқон, Сўх томонларда курашни давом эттирди. Бу пайтда унинг ихтиёрида 2000 йигит ва 10 та қўрбоши бўлган. 20й. ларнинг охирида унинг асосий қароргоҳи Сўх яқинидаги Ҳайдаркон қишлоғи (ҳоз. Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти ҳудудида) эди. 1929 й. Ҳайдарконда бўлган жангларнинг бирида Ёрмат махсум мардларча ҳалок бўлди.
Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ўзбекистон тарихи (1917 — 1991), Т., 2000.
Қаҳрамон Ражабов.