ЁРИБ ЎТИШ

ЁРИБ ЎТИШ (ҳарбийда) ҳужум ҳаракатлари усулларидан бири. Душманнинг жанговар техникаси ва аскарий кучларини тормор қилган ҳолда унинг аввалдан тайёрлаб қўйилган ёки шошилинч ташкил этилган мудофаасини босиб ўтиш. Ёриб ўтиш орқали маълум участкадаги душман мудофааси артиллерия ўқи, авиация зарбалари ва б. воситасида емириб ташланади ва фронтнинг ичкариси томон қуруқликдаги қўшинларни шиддатли ҳужуми учун қулайлик яратилади. Баъзан душман мудофаа чизиғи очиқ қанотлар мавжуд бўлганда ҳужум операциялари Ёриб ўтиш сиз ҳал қилиниши мумкин. Ёриб ўтиш ҳужум операцияларида асосий ва ҳал қилувчи босқич ҳисобланади. Ёриб ўтиш усуллари янги қуроляроғларнинг пайдо бўлиши ва армияларнинг қуролланганлигига қараб янги жанговар имкониятлар билан бойиб боради.