ЁПИҚ ТЕЛЕВИЗИОН ТИЗИМ

ЁПИҚ ТЕЛЕВИЗИОН ТИЗИМ — узатувчи камералари қабул қилувчи қурилмалар билан маҳаллий алоқа кабель линиялари ёрдамида туташган телевизион тизим. Тасвир ва товуш сигналларини узатувчи телевизион эшиттириш тизимларидан Ёпиқ телевизион тизимнинг фарқи шуки, унда фақат тасвир сигналлари узатилади. Унинг узатиш камерасида оғдириш тизими бўлган узатувчи камера (суперортикон ёки видикон) ва видеосигналларни олдиндан кучайтиргич қурилма жойлаштирилган. Камера масофадан туриб ёки автоматик тарзда бошқарилади. Улардан энг оддийси бир каналли Ёпиқ телевизион тизим ҳисобланади. У узатувчи камера ва қабул қилувчи қурилмалардан иборат. Узатувчи ва қабул қилувчи трубкаларнинг оғдирувчи тизимларига қабул қилувчи қурилмада жойлашган умумий генератордан ток келади. Ёпиқ телевизион тизимдан саноатда, транспортда, тиббиёт ва б. да турли амалий масалаларни ечишда фойдаланилади.