ЁНҒОҚ

ЁНҒОҚ (Juglans regia L.) — ёнғоқдошлар оиласига мансуб дарахтлар тури, ёнғоқмевали дарахт. Ёввойи ҳолда Кичик Осиё, Болқон ярим ороли, Кавказ, Эрон, Хитой, Корея я. о., Афғонистонда ўсади. Ўрта Осиё тоғларида табиий ёнғоқзорлар кўп. Жаҳондаги кўпгина мамлакатларда экма ёнғоқзорлар барпо қилинган. Ё. Ўзбекистоннинг тоғли зоналарида ва деярли барча суғориладиган минтақаларида ўстирилади. Бўйи 15— 30 м, йўғонлиги 1,5—2 м гача боради. Шохшаббаси қалин, кенг шарсимон ёки қуббасимон, илдиз тармоғи бақувват, 4 м ва ундан ортиқ чуқурликка боради. Барги йирик (20—40 см), 5—11 баргчалардан тузилган мураккаб барг, ҳушбўй (эфир мойли). Гули бир уйли, айрим жинсли, чангчиси (оталик гули) — кучаласи ўтган йилги новдада тўдатўда, уруғчиси (оналик гули) янги новда учида ва барг қўлтиғида битта ёки 2—3 тадан, айрим навларида 5—10 донадан шингил шаклида жойлашади. Меваси — ёнғоқ, думалоқ ёки чўзиқроқ, пўчоғи қаттиқ, юмшоқ, ғалвирак тузилишга эга. Бир дона ёнғоғи 5—23 г атрофида (мағзи 40—75%). 150—200 йил хрсил беради, 300—400 йил яшайди. Ёнғоқ ёруғсевар ўсимлик. Ер ости сувлари юза бўлмаган, лекин нами етарли, карбонатли, қумоқ, шағалли тупрокларда яхши усади. Вегетация даври 165 — 210 кун. Апр. — майда гуллайди, меваси сент. — окт. да пишади. Ёнғоқзорлардан 30—50 ц/ га ҳосил олиш мумкин. Ёнғоқ барги, пўсти, пўстлоғида катта миқдорда ошловчи моддалар, мағзи таркибида 45 — 72% ёғ, 8—21% оқсил, 20% углеводлар, витамин В, С, провитамин А ва б. моддалар бор. Ё. асалли ўсимликлардан ҳисобланади. Ёнғоқ мағзи ейилади ва қандолатчиликда, барги ва мева қобиғи эса тиббиёт ва парфюмерияда ишлатилади; мағиз мойидан озиқовқат сифатида, лок тайёрлашда, юқори сифатли совун, босмахона сиёҳи ва тушь олишда, ёғочи ва ғуддасидан мебель, машинасозлик саноатида фойдаланилади. Барги, пўстлоғи ва мевасининг яшил қобиғидан газмол, жун, гилам тайёрлашда ишлатиладиган бўёқлар, ошловчи моддалар (витамин концентратлари) тайёрланади. Иҳота ва агроўрмон мелиорация дарахтзорлари барпо этишда, манзарали боғдорчиликда аҳамияти катта. Ёнғоқ, асосан, ёнғоғидан ва пайвандлаш йўли билан кўпайтирилади. Пайванд қилинган дарахти эртароқ (4—6 йили), ёнғоғидан ўсган кўчатлар 6—10йилда ҳосилга киради. Тўнкасидан чиққан янги новдалар ҳам яхши ўсиб, 3—4йили ҳосил беради. Кўчати 10×10 ёки 12×12 м оралиқда ўтқазилади. Ёнғоқзорлар ҳар йили гектарига 120 кг азот, 60—90 кг фосфор ҳисобидан ҳар 3 йилда бир марта гектарига 30—40 т ҳисобидан гўнг билан ўғитланади. Навлари. Р. Р. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик и. т. интининг Бўстонлиқ (Хумсон) филиалида Ёнғоқнинг кўпгина навлари яратилган. Ўзбекистонда асосан қуйидаги навлари экилади. Бўстонлиқ — дарахти бал. 16 м гача боради. Меваси йирик (13,3 г), тухум шаклида, пўчоғи оч сариқ, юпқа. Мағзи пўчоғидан осон ажралади. Мағзи чиқиши 48,6%. Таркибида 68,8% ёғ ва 2,2% қанд бор. Ғалвирак (юпқа пўчоқ) — дарахти 16 м гача. Меваси ўртача (9—9,5 г), тухум шаклида, пўчоғи оқишсариқ, юпқа. Мағзи пўчоғидан осон ажралади, таркибида 68,8% ёғ ва 3% қанд бор. Антиқа — дарахти 9 м гача, гули олдинмакейин очилади, эрта кўкламда гуллайди, лекин ёз ойларида ҳам қайта гуллаши мумкин. Дастлаб туккан ҳосили сент. охирларида, сўнггиси дастлабкисидан 6—7 кун кейин пишади. Меваси ўртача (10—10,5 г), яссиюмалоқ, пўчоғи оқишсариқ. Мағзи пўчоғидан яхши ажралади, таркибида 67,1 % ёғ ва 3% қанд бор. Ўзбекистонда Ёнғоқнинг яна Консой, Пионер, Ватан, Юбилей, Дўрмон1, Дўрмон2 ва б. навлари ўстирилади. Асосий зараркунандалари: ёнғоқ қурти, ёнғоқ галла канаси, барг ўровчилар. Уларга қарши курашда инсектицидлар, 0,5% ли оҳаколтингугурт қайнатмаси ва б. қўлланилади.

Ад.: Тўйчиев М., Ёнғоқ, Т., 1971; Камолов Ш., Ўзбекистоннинг табиий ёнғоқзорлари, Т., 1971.

Абдушукур Хоназаров, Рихсивой Жўраев.