ЁНҒИН

ЁНҒИН — бир зумда шиддат билан рўй берадиган ва тез тарқаладиган ёниш жараёни. Моддий бойликларни йўқотади ва инсон ҳаёти учун хавф солади. Ёнғинга, асосан, оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, электр ва газ асбобларидан ҳамда ишлаб чиқариш жиҳозларидан фойдаланишнинг қоида ва меъёрларини бузиш, моддалар (материаллар) нинг ўзўзидан алангаланиши сабаб бўлади. Ташқи (очиқ), мас, чўл, ўрмон, нефть ва газ фавворалари Ёнғин и; ички (берк), мас, шахта, бино ичидаги Ёнғин хилларга бўлинади. Ёнғин ишғол қилган фазони шартли равишда зоналарга: фаол ёниш, иссиқлик таъсир этувчи ва тутун билан қоплаш зоналарига бўлинади. Фаол ёниш зонаси (Ё. ўчоғи) юқори иссиқлик ва тутун ҳосил қилади. Бунда материаллар кўпинча атмосфера ҳавосининг кислороди билан ўзаро таъсирлашиб тутайди, алангаланади, натижада иссиқлик ва тутун ҳосил бўлади. Ёнаётган қурилмалар ва материаллар иссиклик таъсирида қизийди ва алангаланади, ёнмайдиганлари деформацияланади. Бу зонадаги энг юқори тра ташқи Ёнғинда содир бўлиб, қаттиқ материаллар 1000°— 1250°, суюкликлар 1100°—1300°, ёнувчи газлар 1250°—1350° тра чиқаради. Фаол ёниш зонасини бошқа зона — иссиқлик таъсир этувчи зона қуршаб олади. Унинг иссиқлик таъсири тахм. 60—80° пастроқ бўлиб, атрофдаги объект ва инсонлар учун хавфли бўлади. Ёнғин вақтида ажралиб чиқадиган ёниш маҳсулоти (тутун) б-н қоплаш зонасини ҳосил қилади. Тутун таркибида, одатда, азот, кислород, углерод оксиди, карбонат ангидрид, сув буғлари, кул ва б. моддалар бўлади. Тутун таркибига кирувчи тўла ва чала ёниш маҳсулотлари жуда захарли, айниқса, полимер материаллар ёнганда ўта заҳарли бўлади. Баъзи ҳолларда чала ёнган маҳсулотлар, мас, углерод оксиди кислород билан ёнувчи ва портлашга хавфли аралашма ҳосил қилиши мумкин. Ёнғин билан курашишда ўт ўчириш техникасидан фойдаланилади.