ЁМОН ҚАШҚИРТОВ

ЁМОН ҚАШҚИРТОВ — Марказий Қизилқумдаги тоғ. Бўкантов тоғларининг жан. шарқий қисмида жойлашган. Энг баланд жойи 578 м, уз. 14—15 км, жан. ғарбдан шим. шарққа томон йўналган. Тоғ жан. ғарбга, Мингбулоқ ботиғи томон пасайиб боради. Марказий қисми баланд, бу жойда ён бағирлари анча тик ва ўйдимчуқур, туб жинслар ер юзасига чиқиб қолган, қиррали, турли эрозия ва нураш жараёнлари вужудга келган. Бошқа жойларида туб жинслар усти нураган жинслар билан қопланган. Ж. қ. палеозойнинг кристалли жинслари (сланец, оҳактош, конгломерат, қумтош ва б.)дан ташкил топган. Бўз қўнғир тупроқларда сийрак ҳолда биюрғун, боялич, шувоқ ўсади.