ЁМҒИРЛАТИБ СУҒОРИШ

ЁМҒИРЛАТИБ СУҒОРИШ — қ. х. экинларига сувни ёмғир шаклида бериш усули; сунъий ёмғир ҳосил қилишда кўчма ёки кўчмас ёмғирлатиш машиналари ва қурилмалари ишлатилади. Ёмғирлатиб суғориш бўйича тадқиқотлар бир неча мамлакатларда 19а. да ўтказилган, 20а. бошларидан и. ч. да қўлланила бошлади. Кўпгина чет мамлакатларда (АҚШ, Италия, Германия, Венгрия, Болгария., Чехия ва б.) Ё. с. кенг миқёсда қўлланилади. Қозоғистонда ва Қирғизистонда экин майдонларининг катта кисми шу усулда суғорилади. Ёмғирлатиб суғориш айниқса намланиш беқарор бўлган майдонларда сабзавот, емхашак, ғалла, техника экинлари, мева ва резаворлар етиштиришда кўп қўлланилади. Суғорма деҳқончилик зонасида чучук ва қисман минераллашган грунт сувлари ер юзасига яқин жойлашган ўтлоқи ва бўзўтлоқи тупроқларда ҳамда сув ўтказиш қобилияти юқори бўлган тупрокларда Ёмғирлатиб суғориш қўлланилади. Эгатлар орқали ёки тупроқ сиртидан суғоришнинг бошқа турларига қараганда Ёмғирлатиб суғориш қатор афзалликларга эга: ўсимлик ривожи учун қулай шароит яратади, фақат тупроқ намини оширибгина қолмай, қавонинг ер юзасига ёндош қатламида ҳам намликни кўпайтиради, ҳаво ҳароратини пасайтириб, буғланиш ва ўсимлик транспирацияси сарфини камайтиради. Ёмғирлатиб суғориш с ўсимликдаги чангни ювиб, уларнинг нафас олишини, органик моддалар тўпланишини кучайтиради, ўсимлик ривожланишини яхшилайди, барча физиологик жараёнларни фаоллаштиради. Ёмғирлатиб суғориш рельефи мураккаб ҳамда сув ўтказувчанлиги юқори бўлган жинсларда жойлашган ерларда, тупроқ қатлами юпқа жойларда, сувни оқизиб суғориш катта ҳажмдаги тупроқ текислаш ишларини талаб этадиган ёки сув фильтрацияси сарфи катта бўлган далаларда ўсимлик учун қулай намликни сақлашга имконият яратади. Ёмғирлатиб суғоришда муваққат суғориш шохобчаларига эҳтиёж қолмайди, натижада ер майдонида тўлароқ фойдаланилади. Ёмғирлатиб суғоришда оқизиб суғоришга нисбатан грунт сувлари ер юзасига яқин (1—2 м) чуқурликда жойлашган ўтлоқи тупроқларда суғориш нормаси 1,5—2,0 марта, типик сур тупрокларда 15—20% га камаяди. Ёмғирлатиб суғориш сувни сарфлашда тежамкорлик таъминлаш билан бирга сув билан бирга ўғит беришга имкон беради, меҳнат унумдорлигини оширади. ДДАЮОМ маркали битта ёмғирлатиш машинаси суткасига 8—10 га ерни суғориб, 12—15 сувчининг ишини бажаради. Ёмғирлатиб суғоришни галла—ғўза—беда алмашлаб экиш комплексига кирувчи беда, жўхори, суданўт ва ш. к. ўсимликлар экилган майдонларда ҳам қўллаш мумкин. Ёмғирлатиб суғориш самараси асосан сув томчиларининг жадаллиги ва ўлчамларига боғлиқ. Томчилар диаметри 1,5—2,0 мм атрофида, ёмғир жадаллиги тупроқнинг сув ўтказиш қобилиятидан кичик бўлганда суғоришда яхши сифатга эришиш мумкин. Муайян шароит учун бу кўрсаткичлар, одатда, тажриба йўли б-н аниқланади. Механик таркиби оғир бўлган (мас, типик сур) тупроқ шароитида ёмгир тезлиги мин. га 0,1 дан 0.2 мм гача, ўтлоқиаллювиал, ўтлоқиботқоқи тупрокларда 0,25—0,3 мм, ўрта ва енгил тупрокларда 0,3—0,4 мм ни ташкил этади. Суғориладиган майдонда сувнинг бир текис тарқалишини, кўлоб ва оқим ҳосил бўлмаслигини таъминлаш лозим. Ёмғирлатиб суғориш учун даре, канал ва б. сув манбаларидан фойдаланиш мумкин. Сув келтиргич (каналлар, доимий сув қувурлари) ва тарқатгич (очиқ, ёпиқ ва аралаш) тармоклари орқали суғориладиган участкадаги ёмғирлатиш машиналари ва қурилмаларига берилади. Ёмғирлатиб суғориш усули қўлланилганда сув келтиргич ва тарқатгич тармокларни жойлаштиришда суғориладиган участка шакли мумкин қадар тўғри бурчакли бўлиши, унинг кенглиги ёмғирлатиш машинасининг қаноти узунлигидан 2 марта катта бўлиши керак. Ариқ ва сув қувурлари бирбирига параллел жойлаштирилади.

Ад.: Саттаров Ф. М.,Меднис М. Н., Состояния и перспективы механизации и автоматизации полива хлопчатника, Т., 1976; Аҳмедов X. А., Суғориш мелиорацияси, Т., 1977.

Машариф Боқиев.