ЁМҒИР ЧУВАЛЧАНГЛАРИ

ЁМҒИР ЧУВАЛЧАНГЛАРИ, ер чувалчанглари — кам тукли ҳалқалилар синфига мансуб чувалчанглар бир неча оиласининг умумий номи. Танасининг узунлиги бир неча см дан тропик турлари 2,5 м гача. Ўзбекистонда учрайдиган турлари 15—20 см дан ошмайди. Танасидаги ҳалқалар сони 80 дан 450 гача. Ҳар бир ҳалқасида 4 жуфтдан ёки ундан кўпроқ тук бор. Туклар Ёмғир чувалчанглари ўрмалаганида таянч бўлади. Махсус сезги органлари ривожланмаган, бироқ терисида жуда кўп сезгир ҳужайралари бор. Териси орқали нафас олади. Қон айланиш системаси туташ, юраги бўлмайди. Қони қизил, унинг таркибида гемоглобин бор. Нерв системаси битта ҳалқум усти нерв тугунидан ва қорин нерв занжирини ҳосил қилувчи бирмунча майда қорин нерв тугунларидан иборат. Чириётган органик қолдиклар билан озикланади. Тупрокда яшайди, ёмғирдан сўнг тупроқ юзасига чиққанлиги сабабли «Ёмғир чувалчанглари» номини олган. Гермафродит, тухумини пиллага қўяди. Ёмғир чувалчанглари ин қазиб тупроқни юмшатади, унинг чуқур қатламларига ҳаво ўтиши ва сув шимилишига имкон беради; тупроқ қатламларини аралаштиради; ўсимлик қолдиклари чиришини тезлаштиради; тупроқни гумусга бойитиб, унумдор қилади. Ёмғир чувалчанглари аралашўрмон, ўрмончўл ва қора тупрокли нам иклимли минтақаларда айниқса кўп (1 м2 тупроқда 300 дан ортиқ) бўлади. Ёмғир чувалчанглари Ўрта Осиё минтақасида асосан ариклар яқинида, суғориладиган нам тупрокли ерларда учрайди. Ёмғир чувалчангларининг 1500 га яқин, жумладан Ўзбекистонда 20 дан ортиқ тури маълум. Суғориладиган ерларда Nicodrilus caliginosus, Oxtolasium lacteum кенг тарқалган. Айрим Ёмғир чувалчанглари биологик гумус олиш мақсадида кўпайтирилади.