ЁҒОЧ ЗАМБУРУҒЛАРИ

ЁҒОЧ ЗАМБУРУҒЛАРИ — гименомицетлар туркумининг пўкаклар оиласига мансуб гуруҳи. Дарахтларнинг ёғоч қисмини, айниқса ўзагини ҳамда турли ёғоч қурилмаларни чиритади. Ёғоч замбуруғларидан чин пўкак (Forties fomentarius), тангачали пўкак (Polyporus squamosus), дағал тукли пўкак (Inonotus hispidus) Ўзбекистонда кўп тарқалган. Ёғоч замбуруғларининг таналари (мицелийси) дарахтларнинг ўзагида ёки ёғоч қисмида ҳужайралар орасига жойлашиб, дарахт сиртига йирик бўртмалар — меватаналар чиқаради. Ёғоч замбуруғлари ўзи ажратадиган турли ферментлар таъсирида ёғоч таркибидаги целлюлоза ва лигнинни глюкозага айлантириб озиқланади. Шу туфайли дарахтларнинг ўзаги чирийди. Ёғоч замбуруғлари, айниқса у й замбуруғи (Serpula lacrymans) турли ёғоч қурилмалар (уйларнинг поли, шпаллар, ёғоч кўприклар устуни)да ўсиб, уларни чиритади. Ёғоч замбуруғлари ҳавонинг ҳарорати 18—22° ва нисбий намлиги 80—85%, ёғочнинг намлиги эса 28—60% бўлганда яхши ривожланади. Ёғоч замбуруғлари пайдо бўлмаслиги ва ёғоч қисмлар чиримаслиги учун улар турли антисептик моддалар (крезет ёғи, карболинеум, натрий фторат ва б.) билан тўйинтирилади.