ЁҒИНЛАР

ЁҒИНЛАР — 1) атмосфера (булутлар ёки ҳаво)дан Ер (ёки сув) юзига тушадиган суюқ ёки қаттиқ ҳолатдаги сув. Ёғинлар булутлардан ёмғир, қор, дўл ва муз зарралари кўринишида, ҳаво қатламидан шудринг ҳамда қиров шаклида тушади. Ёғин миқцори тушган Ёғинларнинг ҳолатидаги қатлами қалинлигини (мм) ўлчаб аниқланади. Ёғинлар жадаллиги маълум вақт (сутка, соат ва б.) ичида тушган Ёғинлар миқдори билан белгиланади. Ёғинлар миқдори метеорология ст-яларида махсус асбоблар — ёғин ўлчагичлар, плювиографлар ёрдамида, қор қопламининг қалинлиги махсус ўлчаш рейкаси бн; зичлиги зичлик ўлчагич билан ўлчанади. Ҳар бир жой бир кунлик, ўн кунлик, ойлик, йиллик ва ўртача кўп йиллик Ёғинлар миқдори — Ё. йиғиндиси ҳисоблаб чиқилади. Жойнинг географик кенглигига, денгиз ва океанлардан узоқяқинлигига, шамол йўналишига ва жойнинг рельефига қараб, ер юзининг турли жойларида Ёғинлар миқдори ҳар хил бўлади. Тропикларда йилига 1000 мм дан ортиқ, ҳатто 12000 мм гача (мас, Ҳиндистонда), мўътадил кенгликларда 250 мм дан 1000 мм гача, чўллар ва юқори кенгликларда 250 мм дан кам (мас, Мисрда) Ёғинлар тушади. Умуман Ер юзига тушадиган бир йиллик Ёғинлар микдори ўрта ҳисобда 1000 мм (50 минг км3 дан кўпроқ сув)ни ташкил этади. Ўзбекистон ҳудудида йиллик ёғин микдори 80 — 90 мм дан 1000 мм гача етади. Ёғинлар таркибида сувдан ташқари чанг зарралари, микроорганизмлар, шунингдек, радиоактив элементларнинг парчаланишидан ҳосил бўладиган маҳсулотлар ҳам бўлади. Ёғинлар радиоактивлиги ўрта ҳисобда ҳар бир грамм ёғин 10~» — 10~12 кюри. Момақалдироқ пайтида ёғаётган Ёғинларнинг радиоактивлиги бошқа вақтдаги Ёғинлар никига нисбатан кўпроқ бўлади;

2) сунъий Ёғинлар — ўта совиган булутларга махсус кимёвий модда (реагент)лар таъсир эттириб, сунъий муз кристаллари ҳосил қилиш натижасида улардан тушадиган Ё. Кимёвий моддалар булутларга самолётлардан ёки ердаги махсус қурилмалар ёрдамида сочилади. Бу усул ёғингарчилик жуда кам бўлган минтақаларда қўлланилади.