ЁҒ БОСИШ

ЁҒ БОСИШ, семириб кетиш — организм тўқималарида, асосан тери остидаги ёғ клетчаткасида, шунингдек, қорин бўшлиғида ортиқча ёғ (кўпроқ чарви) йиғилиши. Гавда вазнининг анча ортганлиги организмда сув тўпланишига алоқадор бўлмаса, деярли хамиша Ёғ босишдан дарак беради. Ёғ босишда кўпинча организмга зўр келади: юрак иши, қон айланиши қийинлашади, киши ҳаллослайди, тез чарчайди, иш қобилияти ва инфекцион касалликларга чидамлилиги камаяди, атеросклероз ва б. баъзи касалликлар пайдо бўлишига имкон туғилади. Бунда киши организми эҳтиёжи (сарф қиладиган энергияси)га нисбатан ортиқ овқатни ўзлаштиради. Аммо кўп кишилар кўп овқат ейиш билан бирга, уларда энергия ҳам кўп сарфланади, моддалар алмашину ви кучли бўлади, уларни ёғ босмайди. Моддалар алмашинуви сусайганда ҳам ёғ босиши мумкин. Овқат кўп ейилганда Ёғ босиш ички секреция безлари билан нерв системасининг ҳолатига анча боғлиқ. Ёғ босиш моддалар алмашинуви бузилишидан келиб чиқадиган турли касалликлар (подагра, диабет ва ҳ. к.) б-н бирга, жинсий безлар фаолияти сусайган даврда кўпроқ кузатилади. Ҳар қандай жисмоний иш энергия сарфини оширади ва моддалар алмашинувини кучайтиради. Ёғ босишнинг олдини олиш учун бадан тарбия билан шуғулланиш, пиёда юриш, жисмоний иш қилиш, айни вақтда овқатни камроқ (тўймасдан) ейиш керак. Осон ҳазм бўладиган углеводлар (оқ нон, хамир овқатлар, картошка, қандшакар, асал, мураббо ва ш. к.) айниқса кам истеъмол қилиниши лозим. Сувни ҳам камроқ ичиш, спиртли ичимликларни мутлақо ичмаслик зарур. Ҳаддан ташқари семириб кетган кишиларга парҳез овқатлар буюрилади. Асосан сабзавот, ошкўк, шираси кам мевалар истеъмол қилинади. Бемор врач назорати остида даволанади. 7—9 кунда бир кун нуқул олма (1500 г) ейилади ёки фақат сут (5 стакан) ичилади, ёки бир кун 3 маҳал ширгуруч ва 800—1000 г олма ейилади, ёки шираси кам мева билан сабзавот (1500 г) 4—5 маҳал истеъмол қилинади. Ёғ босишга даво қилишда даволаш бадан тарбияси ва физиотерапия тадбирлари (сув, массаж) нинг аҳамияти катта.