ХУРРАК, хуррак отиш — нафас йўлидан ўтаётган ҳаво оқими таъсирида ҳосил бўладиган товуш. Бунга кичик тилчанинг ҳаво ўтаётганда тебраниши, яъни вибрацияси сабаб бўлади. Оғизни очиб (баъзан оғиз юмуқ бўлганда ҳам) ва чалқанча ётиб ухлаганда киши X. отади, чунки бунда юмшоқ танглайнинг ўта бўшашиши учун шароит яратилади.
Бурунҳалқум тузилишидаги ўзига хос туғма хусусиятлар ёки сурункали яллиғланиш касалликлари: шумов, гайморит, тонзиллит, пневмония, астма, шунингдек, бурун полиплари ва аденоидлар ҳам X. отишга сабаб бўлади. Баъзи касалликларда, мас, дифтериядан сўнг пайдо бўлган юмшоқ танглай фалажида, мияга қон қуйилганда, мия эзилганда ҳам бемор X. отиши мумкин. Кўп X. отадиган одам ёнбошлаб ётишга, ёстиғи иложи борича баланд бўлишига ҳаракат қилиши лозим; механик микромассаж, иссиқ қилиш, ультратовуш, лазер каби муолажалар яхши наф беради. Бурундан нормал нафас олишни тиклаш мақсадида баъзан хирургик операция қўлланади.