ХАВФ ОСТИДА ҚОЛДИРИШ

ХАВФ ОСТИДА ҚОЛДИРИШ (ҳуқуқда) — шахсга қарши жиноятлардан бири; ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик. Фуқаро шахсни Хавф остида қолдиришни шартли равишда 2 га бўлиш мумкин:

1) фуқаро ёрдамига муҳтож шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлган ҳоллар. Мас, онанинг ўз боласи ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбурияти, хизмат вазифасидан келиб чиқадиган мажбурият, қутқарувчининг мажбурияти ва ҳ. к. ;

2) фуқаро ёрдамига муҳтож шахсга ғамхўрлик қилиши шарт бўлмаган, аммо у шахсни ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли аҳволга тушириб қўйган ҳоллар. Мас, сузишни билмайдиган одамни сувга ташлаб юбориш, автотранспорт воситаси билан босиб кетиш натижасида ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли ҳолда қолдириш ва ҳ. к. Х. о. қ. натижасида шахсни ҳаёти ва соғлиғи хавфли аҳволга тушиб қолиши эътиборга олиниб, Хавф остида қолдириш жиноий норма сифатида Ўзбекистон Республикаси ЖКга киритилган ва тегишли жазо белгиланган (117-модда).