ХРОНОЛОГИЯ

ХРОНОЛОГИЯ (хроно… ва…логиядан) — 1) тарихий воқеаларнинг даврий тадрижийлиги;

2) вакт ўлчови ҳақидаги фан. Астрономик X. фазодаги ҳодисаларнинг қайтарилиб туриш қонуниятларини ўрганади ва аниқ астрономик вақтни белгилайди. Тарихий X. — ёрдамчи тарих фани; турли халқлар ва давлатлар йил ҳисоби тизими ва тақвимларини ўрганади, тарихий воқеалар содир бўлган саналарни ва тарихий манбалар яратилган вақтни аниклашда ёрдам беради. X. тараққиёт босқичларининг вақтини аниқлаш демакдир. Бу эса алоҳида тарихий воқеалар, меҳнат қуроллари, ҳунармандчилик ва хўжаликнинг ривожи, уйжойлар, қишлоқлар ва шаҳарларнинг қурилиши, давлатларнинг ташкил топиши ва маданият тараққиёти ютуқлари вақтини аниқлашни англатади.

Ёзма манбалар асосида аниқ саналар белгиланади. Археологик маълумотларга асосланган X. юз ва минг йилликлар билан ўлчанади.

Бобил, Миср, Юнонистон ва Римда шаклланган X. ўрта асрларда Туронда ривожланди. Берунийнннг 1000-й. да ёзилган «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» («Хронология») асарида жаҳондаги турли халқлар тарихи ва маданияти ихчам тарзда ўз аксини топган. Хронология даги тарихий изчилликни фанга 16-а. да француз Ж. Скалигер киритди. Ҳоз. пайтда Хронологиянинг тараққиёти бу фаннинг археология, табиий фанлар, статистика ва б. билан ўзаро ҳамкорлигига боғлиқцир.

Ад.: Сагдуллаев А. ва б., Ўзбекистон тарихи (Энг қадимги даврлардан милоднинг 5-а. гача), Т., 1999.