ХОНАБАЗМ

ХОНАБАЗМ — ўзбек халқ рақсининг тури; базмнинг уй ичида ўтказилувчи шакли. Кичик даврага мўлжалланган бўлиб, кўпинча якка раққос ёки. раққоса санъатини намойиш этишга қаратилган, қўл, елка, кўкрак, бел ҳаракатлари, мимика воситалари, нигоҳлар, жилвалар кенг ишлатиладиган рақслар туркуми X. (баъзан «кичик ўйин») деб аталади. Улар орасида ялла, лапар ва байтлар билан ижро этилувчи лирик, характерли, кулгили ўйинлар кўп учраган. Ҳукмдорларнинг қасрларида уюштириладиган базмларда рақслардан ташқари куй тингланган, ашула айтилган, шеърхонлик, бадиҳагўйлик бўйича мусобақалар ўтказилган, кўзбоғловчилар, найрангбозлар томоша берган ва ҳ. к. 20-а. да X. рақсларидан баъзилари қайта ишланиб, саҳнага олиб чиқидди. Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги этнографик ансамблда тикланиб, ижро этилган «Ойижон», «Қорасоч укам», «Олмача анор», «Ҳилийла ёрим», «Чилвир соч» каби лапарўйинлар шулар жумласидан.

Ад.:Авдеева Л. А., Ўзбек миллий рақси тарихидан, Т., 2001.

Муҳсин Қодиров.