ХИТОЙ ЁЗУВИ

ХИТОЙ ЁЗУВИ — сўз ва морфемаларни ёзишда махсус белгилар — иероглифлар қўлланадиган ёзув. Х. ё. да иероглифлар шакли турли комбинацияларда такрорланувчи 1 дан 36 тагача бўлган стандарт чизиқлардан ташкил топади. Иероглифлар маълум ёзув қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда муайян тартибда (чапдан ўнгга, юқоридан пастга) ёзилади. Энг қад, пиктограммаиероглифлар мил. ав. 2минг йиллик ўрталарига мансуб. Хитой ёзуви тарихида иероглифларнинг 7 хил — гу вэн (қад. ёзув), да жуан (катта белгили ёзув), сяо жуан (кичик белгили ёзув), ли шу (расмий ёзув), синг шу (ярим тез ёзув), цао шу (тез ёзув), кай шу (намунали ёзув) каби ёзилиш услублари бўлиб, улар 4—5 минг йил давомида бири бирининг ўрнини эгаллаган ҳолда шаклан ўзгариб, такомиллашиб борган. Хоз. пайтда мил. 1—2-а. ларда ишлаб чиқилган «кай шу» ҳуснихат туридан кенг фойдаланилмоқда.

Хитой ёзувида иероглифларнинг умумий сони 60 мингдан кўггроқ бўлиб, шулардан тахм. 96 фоизи мураккаб (икки ва ундан ортиқ қисм — чизиқцан тузилган) ва 4 фоизи содда (фақат бир қисмдан иборат) иероглифлар ҳисобланади. Ҳоз. хитой тилида тахм. 8—10 минг иероглиф қўлланади.

Хитой анъаналарида иероглифларнинг 6 туркуми фаркланиб, улар 3 гуруҳга ажратилади:

1) пиктограммалар ва идеограммалар — 1500 атрофида бўлиб, улар энг қад. содда белгилар, шунингдек, мавҳумроқ маъноларни ифодаловчи аралаш белгилардан иборат;

2) фонограммалар (иероглифларнинг кўпчилиги) — сўз ёки морфеманинг маъносига ишора қилувчи очқич (калит)лардан иборат мураккаб белгилар ҳамда белгининг аниқ ёки тахм. талаффузини кўрсатувчи фонетик белгилардир. Очқичлар ҳар доим содда белгилар кўринишида, фонетик белгилар эса содда ва мураккаб ҳолатда бўлади. Хитой луғатларида иероглифлар одатда очқичлар бўйича жойлаштирилади;

3) «ўзлашма» иероглифлар — дастлаб муайян сўзларни ёзиш учун яратилган, кейинчалик бошқа, мавҳум маъноли сўзларни ёзиш учун қўлланган турли кўринишдаги белгилар. Айни бир иероглиф маъноси бир хил бўлсада, турли лахжаларда фонетик жиҳатдан фарқланувчи сўзларни, шунингдек, қад. ва ҳоз. тидда талаффуз жиҳатдан анчагина фарқ қилувчи сўзларни ёзиш учун қўлланади.

Хитой ёзуви дастлаб Япония, Корея ва Вьетнам халклари томонидан муайян миқдордаги хитойча сўзлар билан ўзлаштирилади. 20-а. ўрталарида иероглифлардан фақат Япония ва Жан. Кореяда (япон бўғинли ёзуви ва корейс алифбоси билан қўшилган ҳолда) фойдалана бошланди. Бугунги кунда Жан. Кореяда Таълим вазирлиги томонидан тасдиқланиб, кенг истеъмол учун қабул қилинган 2000 та иероглифдан фойдаланилмоқда.

1958 й. фев. да ХХРнинг Хитой иероглифларини ислоҳ қилиш қўмитаси томонидан иероглифларнинг талаффузи учун лотин графикаси асосида 26 ҳарфдан иборат транскрипцион алифбо қабул қилинди. Ушбу алифбо ҳоз. кунда жамиятнинг барча соҳаларида кенг қўлланмоқда. Хитой ёзувини ислоҳ қилиш ва алифболи ёзувга ўтиш лаҳжаларнинг кўплиги ва тарқоклиги, маданий мерос ва тил муаммолари сабабли катта қийинчиликларга дуч келмоқда. 1956 й. дан ХХР да иероглифларни график жиҳатдан соддалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ад.: Истрин В. А., Возникновение и развитие письма, М., 1965; Фридрих И., История письма, пер. с нем., М., 1979; Маҳмутхўжаев М. Ҳ., Бекмуротов И. Н ., Хитой ёзуви (иероглифлари) ҳақида, Т., 1990.

Исмат Бекмуротов.