ХИРОМИЙ

ХИРОМИЙ (тахаллуси; исми Мулло Қурбон) (1796, Китоб вилояти Чармгарон гузари — ?) — шоир. Баъзи манбаларда Мирзо Қурбон, Муҳаммад Қурбон деб ҳам тилга олинган. Кенагас уруғидан. Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. Иқтисодий танглик туфайли мадрасани тугата олмаган, 25 ёшида Китобга қайтган. Хаттотлик, табиблик, чармгарлик қилиб рўзғор тебратган. X. Насруллахонттг босқинчилик сиёсатига қарши курашувчилар сафида турган, Китоб мудофаасида қатнашган.

X. истеъдодли ва сермаҳсул шоирлардандир. У ўтмиш алломалар ижодидан ўрганган, замондошлари Шавқий, Ҳозиқ, Вола ва б. билан яқин ижодий алоқада бўлган. Дастлаб Саъдий, Навоий, Зебуннисо ғазалларига мухаммаслар боғлаган, уларнинг бадиий маҳорат соҳасидаги анъаналарини давом эттирган.

X. 19-а. ҳаётидаги ярамас иллатларни, адолатсиз ҳукмдорлар, ноқобил ҳокимлар, замин, замон, кишилар тўғрисидаги қарашлари ифодаланган «Чор дарвеш» (1834), «Маҳфил оро» (1844—56), «Тўтинома» (1854), «Раъно ва Зебо» (1856), «Юсуф ва Зулайҳо» (1862) достонларини ёзган. Буларнинг орасида кенг тарқалгани «Чор дарвеш» дир. Асар қолиплаш усулида ёзилган, қолипловчи хикоя Озодбахт ҳикояси, дир. Озодбахт ўз фарзандсизлигидан сўз бошлаб, дарвешлар саргузаштини тинглайди. Достон Озодбахтнинг Бахтиёр исмли фарзанд кўриб, париларнинг улуғ шоири Малик Шоҳбоз ёрдамида муродмақсадларига етиши билан тугайди.

Хиромийнинг ҳажман энг йирик асари «Тўтинома» 12 минг мисрадан иборат.

Асарнинг бош гояси — вафо ва садоқат. Тўтининг барча ҳикоя ва қиссалари шу ғояни асослаш, исботлашга қаратилган. «Раъно ва Зебо» достони ҳам қолиплаш усулида бўлиб, қолипловчи ҳикоя Раъно ва Зебо саргузаштларидир. Пок муҳаббатни улуғлаш достоннинг асосини ташкил этади. Унда инсон ҳуқуқи, ижтимоий тенглик, адолат, олижаноблик каби ғоялар ёритилган.

Адабий меросининг умумий ҳажми 30 минг мисра атрофида. Асарлари қўлёзмалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик интида («Чор дарвеш», инв. №359, 9251, 1675, 7713, 4819, 7847, 217 (II); «Тўтинома», инв. №1795; «Раъно ва Зебо», инв. №217; «Юсуф ва Зулайҳо», инв. №1799) ва СамДУнинг асосий кутубхонасида сақланади.

Ас: Чор дарвеш, Т., 1960; Раъно ва Зебо, Т., 1962.

Ад.:Қораев Т., Хиромий Мулла Қурбон, Т., 1975; Ўзбек адабиёти тарихи [5ж. ли], 4ж., Т., 1978.

Бегали Қосимов